Линклар

Сув захиралари масаласидаги яна бир учрашув натижасиз тугади

  • Гулнора Равшан

Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон вакилларининг трансчегара сув захираларидан фойдаланиш масаласида Тошкентда бўлиб ўтган навбатдаги учрашуви ҳам натижасиз якунланди.

Тожикистон Сув ва мелиорация вазирлиги вакили Яраш Пўлатов бу масаладаги 9-учрашувда ҳам томонлар келиша олмаганини маълум қилди.

“Сирдарё ва Амударё трансчегара ресурслари Марказий Осиё давлатлари ўртасида 1984 йилда собиқ иттифоқ даврида тузилган схема асосида тақсимланиб келинмоқда. Осиё тараққиёт банки таклифига биноан имзоланиши кўзланган янги шартнома лойиҳаси ҳам 1984 йилги схемага асосланган бўлиб, унда Марказий Осиё сув захираларининг 46 фоизидан Ўзбекистон, 44 фоизидан Қозоғистон, 8 фоизидан Тожикистон ва 1,7 фоизидан Қирғизистон фойдаланиши белгиланган. Аммо Ўзбекистон ва Қозоғистон сувга эҳтиёжи катталигини билдириб, янги шартномада эски схема бўйича сув тақсимотига рози эмас”, - деди Яраш Пўлатов.

Яраш Пўлатов сўзларига кўра, Марказий Осиёда сувнинг 92 фоизи фақат ирригация мақсадларида сарфланмоқда. Оқилона фойдаланилмаётгани боис ҳам дарёнинг қуйи оқимидаги давлатларнинг сувга бўлган эҳтиёжи ортаётир.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги саммитида минтақанинг айрим давлатлари сув захираларидан фойдаланишда ўз манфаатларини қўшни давлатлар манфаатларидан устун қўяётганига ишора қилганди.

Бу фикрга қўшилмаслигини билдирган Яраш Пўлатовнинг таъкидича, Ўзбекистон президенти назарда тутаётган ГЭСлар қурилиши минтақада сув танқислиги муаммосини яратмайди. Аксинча қурилажак ГЭСлар сув омборларида жамланадиган захира минтақа давлатларини қурғоқчиликдан қутқаради.

Тожикистон томони сувни янги схема бўйича тақсимлашга оид имзоланиши талаб қилинаётган давлатлараро шартномани ўзи ва Қирғизистон учун зарарли ҳисоблаётир. Бу янги схема Қирғизистон ва Тожикистоннинг ГЭСлар каскадини қуришга оид режаларини барбод қилиши эҳтимолдан йироқмаслиги таъкидланяпти. Чунки ўзбеклар ва қозоқлар таклиф этаётган вариантда Сирдарё ва Амударё маълум бир режимга солиб қўйилади. Бу эса дарёлар бошланадиган ва ягона табиий бойлиги сув захиралари саналган икки давлат учун зарардан бошқа нарса эмас. Шу сабабли Қирғизистон томони Тошкентдаги учрашувга қатнашишни лозим ҳам топмаган.

Учрашувда қатнашган Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги вакили дарёларнинг қуйи оқимидаги давлатларни Тожикистонда қурилажак ГЭСлар ташвишга солиб қўяётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, сув омборлари калити қўлида бўлган Тожикистон Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалигининг оқсаб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Бироқ Тожикистон энергетика мустақиллигини қўлга киритган ҳолда ҳам ўз қўшнилари манфаатларини кўзлаган ҳолда иш кўради .

Маълум бўлишича, ҳозирча турли қараш ва таклифлар асосида тузилган шартнома лойиҳаси Марказий Осиё сув хўжалигини назорат қилиш комиссияси ишчи гуруҳи муҳокамасига юборилган.

Мустақил кузатувчилар Марказий Осиё сув ресурсларидан фойдаланишга оид давлатлараро шартнома бўйича келишувга эришиш қийин бўлиши, бу эса Тожикистондаги стратегик иншоотлар лойиҳаларини амалга оширишга тўсиқ бўлишини таъкидлаётир.

“Ўтиш даврини бошдан кечираётган ва иқтисодий жиҳатдан қўшниларидан заифроқ Тожикистон Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг зув захираларига оид таклифларини қабул қилмаса, бу давлатлар иқтисодий босими остида қолиши аниқ”, - дейди мустақил кузатувчи, иқтисодчи Шодибек Қодиров.

Кузатувчи Маҳмадшариф Нозимов эса бу масалага сиёсий тус бермасликка чақирди. Унинг фикрича, Марказий Осиё давлатлари минтақадаги сув ва энергетика захираларини тақсимлашда келишиб иш кўриши шарт.

“ГЭСлар қуришда, албатта, минтақадаги экологик ва хавфсизлик масалаларига жиддий аҳамият қаратиш зарур. Тожикистон ГЭСлар каскадини қуриш нафақат ўзига, балки минтақа давлатларига ҳам фойда бўлишини қўшниларига тушунтириши керак. Агар сув ва бошқа шу каби ресурслардан фойдаланишда келишилган ҳолда иш тутилмаса, минтақада кўпгина можароларга сабаб бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас”, - деди М.Нозимов.
XS
SM
MD
LG