Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:57

Тўнғич куёвнинг қилмиши Назарбоевни ҳушёр торттирган кўринади


Қозоғистон ҳукумати ўз таркибидаги сўнгги кадрлар ўзгаришини президент Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатдаги ички сиёсатни демократлаштириш йўлидаги навбатдаги қадами сифатида тақдим этмоқда.

Бироқ Долзарб тадқиқотлар маркази раҳбари Андрей Чеботарёв ҳукуматдаги кадрлар алмашинуви президент юритаётган марказлаштириш сиёсатининг давоми эканини таъкидлади.

“Энди ҳукумат янгидан ташкил этилса, у фақат бир партия аъзоларидан иборат бўлади ва бу сиёсат янада кучаяди”, - деди А.Чеботарёв.

Қозоғистон Коммунистлар партияси раҳбари Серикбўлсин Абдилдин эса ҳукуматдаги кадрлар алмашинувига: “Барча сиёсат бир кишининг қўлида бўлган Қозоғистон ички сиёсати учун демократиянинг ҳожати йўқ”, - дея кескин баҳо берди.

Кадрлар алмашинуви Н.Назарбоевнинг ўртанча куёви Тимур Қулибоевни ҳам четлаб ўтмади. У “Самруқ” давлат активларини бошқариш холдинги раҳбари ўринбосари лавозимидан четлатилди.

С.Абилдин президент бу билан мамлакат равнақи йўлида ишламаса, барчани, ҳатто яқинларини ҳам аяб ўтирмаслигига ишора қилиб, ўзини халққа одил қилиб кўрсатмоқчи бўлаётганини таъкидлади.

Шунга қарамай, Андрей Чеботарёв сўзларига кўра, Т.Қулибоевнинг эгаллаб турган вазифасидан бўшатилиши унинг карьерасига зарар етказмайди. Чунки у Қозоғистонда бир эмас, бир қанча бизнес тузилмаларига раҳбарлик қилади, уларда ўз улушига эга. Эгаллаб турган бир лавозимидан бўшатилиши унинг бошқаларидан ҳам четлаштирилиши, дегани эмас.

Баъзи кузатувчилар Н.Назарбоев эндиликда собиқ тўнғич куёви Роҳат Алиев оқламаган ишончни ўртанча куёви оқлашига умид қилиб, унга ҳукуматдаги бирор юқори мансабни тортиқ этиши мумкинлигини тахмин қиляпти.

А.Чеботарёвнинг таъкидлашича, Т.Қулибоев ҳар доим “соя”да юрган, президентнинг ўзи ҳам уни йирик мансаблар сари етакламаган.

Айрим кузатувчилар президент Н.Назарбоев тўнғич куёви Роҳат Алиев билан боғлиқ ҳодисадан сўнг қатиқни ҳам пуфлаб ичаётгани, шунинг учун ўртанча куёвини ҳам ўзига яқинлаштирмасликка интилаётганини таъкидламоқда.

Сиёсатшунос Николай Кузьминнинг айтишича эса Т.Қулибоев ҳеч қачон ҳукуматдаги юқори лавозимларга даъво қилмаган, ҳозир ҳам ўзининг сиёсатдан йироқ эканини намойиш қилиб келаётир.
XS
SM
MD
LG