Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 06:09

Янги темир йўл хавфсизлигига кафолат йўқми?


Яқинда ишга туширилган Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли аниқ иқтисодий хулосаларга асосланиб эмас, Ўзбекистон президентининг шахсий амбициясини қондириш орқасидан бунёд этилган.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин ана шундай фикр билдирди.

Лойиҳа қиймати 447 миллион доллар бўлган бу темир йўлнинг 24 августда бўлиб ўтган очилиш маросимида президент Ислом Каримов шахсан иштирок этганди.

“Мен ҳали Қашқадарëда ишлаб юрган пайтимда бу ерларга темир йўл қуришни ўйлаган эдим”, - деганди маросимда президент.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларини Сурхондарё вилояти билан боғловчи Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўлининг узунлиги 223 километр бўлиб, у 33 ойда қуриб битказилди. У Сурхондарёга поездда Туркманистон ҳудудини четлаб ўтиб етиб бориш имкониятини яратади.

“Туркманистонни четлаб ўтувчи бу темир йўл иқтисодий жиҳатдан фойда келтириши ҳақида аниқ илмий хулосалар йўқ, у фақатгина Ўзбекистон президентининг мутлақ ички хоҳиш-истаги билангина бунëд қилинди. Бу темир йўлдан фойда келиши борасида экспертлар хулосаси йўқ ҳали”, - дейди А.Грозин.

А.Грозин ҳукмдорлар орзуси давлат хазинасига юк бўлишини айтар экан, темир йўл қурилишидан кўра, қўшнилар билан келишилса, фойдали бўлар эди, деб ҳисоблайди.

“Бу иш янгидан велосипед ихтиро қилишга ўхшайди. Бундай кўламдаги қурилиш улкан чиқимларни талаб қилади. Қўшнилар билан транзит ва божхона тўловлари борасида муросага кела олмаган Ўзбекистон катта харажатга тушди. Ашхобод ва Душанбага аччиқ қилган Каримов ўзининг харажатталаб темир йўлини қуришга қарор қилди. Аслида қўшнилар билан келишилса, иқтисодий манфаатга эришилар эди. Ўзбекистонда маблағ кутаëтган соҳалар кўп-ку! Ҳукмдор орзуси деб халқ маблағини ҳавога совуриш шартмиди”, - дейди МДҲ институти эксперти.

Темир йўлнинг очилиш пайтида Ислом Каримов баланпарвоз гаплар билан йўл қурувчиларини мақтади. Аммо мамлакат раҳбари қурилиш пайтида юз берган фалокатларда нобуд бўлганларни эсламади.

“Баъзи жойларда денгиз сатҳидан 1800 метр баландликка ҳам кўтарилган темир изларнинг хавфсизлигига кафолат йўқ. Ҳозиргача қурилиш давридаёқ турли фалокатлар туфайли 50 ишчи-хизматчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Тўрт вагон, икки локомотив жарга қулади”, - дейди журналист Абдураҳмон Ташанов.

Андрей Грозин ҳам ўйламасдан қурилган бундай темир йўл доимо хатар манбаи бўлиб қолаверишини билдирди.

“Ҳар қандай ҳолатда ҳам номувофиқлик юзага келади. Стандартлар, технология ва инфратузилманинг мос келмаслиги эса доимий хавотир манбаига айланиб, бошбошдоқликни вужудга келади. Булар оқибатида фалокатлар занжири юзага чиқади”, - деди А.Грозин.

Журналист Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистондаги мутахассислар ҳам А.Грозин фикрини маъқуллаши, аммо ҳукмдор орзусига қарши чиқишга журъат қилмаслигини таъкидлади.

“Мен темир йўл соҳаси мутахассислари билан гаплашдим. Уларнинг ўзи бу йўлдан юрадиган поездга чиқмоқчи эмас. Ўзингиз тасаввур қилинг: тик довонга вагонларни икки локомотив олдинда тортади, учтаси орқадан итариб боради. Шоша-пиша қурилган йўл хавфсизлигига кафолат йўқ”, - деди А.Ташанов.
XS
SM
MD
LG