Линклар

logo-print

Ўзбекистонда нон ва ун ўта қимматлади

  • Барно Анвар

Ўзбекистон президенти мамлакат деҳқонларини 6 миллионлик ғалла хирмони бунёд этилгани билан қутлаган йилда мамлакатда ун ва ун маҳсулотлари баҳоси кун сайин ошишда давом этмоқда.

Ўзбекистонда энг арзон нархдаги булка нон 200 сўм, нонвой нон 250 сўм, ўртамиёна патирнинг нархи 600 сўм бўлди. Уннинг нархи эса 400 сўмдан 800 сўмгача. Буғдойнинг килоси 180 сўмдан 300 сўмга кўтарилди.

Аммо бу ҳам етмагандай, энди мамлакат бозорларида ун камайяпти. Дўкондорлар қоплаб ун сотиб оладиган ўзбекка унни килограмлаб олишга мажбур бўляпти. Ун биринчи бўлиб деҳқон хўжаликлари кўпроқ ғалла етиштирадиган Жиззах, Сирдарё вилояти дўконларида камайди.

Неча йилдан бери ғалла экадиган жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов бу йил давлатга ғалла топшириш режасини бажара олмагани учун шу кунларда уйида бир кафт буғдойсиз, унсиз ўтирибди.

“Бу йил ғалла режасини бажара олмаганим учун уйимда ҳам буғдой йўқ. Кеча ун ахтариб, бутун Жиззах шаҳри дўконларини айландим - ун йўқ. Бор дўконлар ҳам қоплаб эмас, килограммлаб сотяпти. Комиссия юрганмиш, уларга ун бор, дейиш учун сақлаб қўйишганмиш. Давлат унни 315 сўмдан сотасан деган, улар эса шу нархни ёзиб қўйиб, 400 сўмдан сотяпти. Бу Жиззахда чиқарилган ун. Қозоғистонники эса 800 сўмга кўтарилган ҳозир”, - дейди фермер.

Уннинг нархи бу қадар қимматлашгани сабаби эса, ғаллакорнинг сўзларига кўра, буғдой ҳосилининг яхши бўлмаганида ва мамлакат аҳлининг унга эҳтиёжи асосий қисмини қондираётган қўшни Қозоғистонда ҳам ҳосилнинг яхши бўлмагани, у ерларда ҳам буғдой нархи кўтарилганидир.

“Бу йил буғдой энди ҳосилга кирганда бирдан ҳаво исиб кетди. Дон тўлмасдан туриб пишиб қолди. Шунинг учун буғдой кам, сифатсиз. Халқ ҳам қишга буғдой жамғара олмади. Қишда элга қийин бўладиган бўлди. Фермернинг уйида буғдой бўлмаганидан кейин унинг ишчиси уйида буғдой бўлмаслиги табиий”, - деди М.Азимов.

Одатда, нонни сотиб олиб эмас, уйида ёпиб ейдиган ўзбек оилалари энди ун сотиб олишга қийналяпти. Аввалига қиммат эди, мана энди камёб ҳам. Оиласида 14 жон бўлган ўзбекистонлик пенсионер аёл оиласига ҳафтасига бир қоп ун кераклигини айтади.

“Баъзида шу бир қоп ун ҳам етмай қолади. Мана энди 12-15 мингга сотиб олаётган унимиз 30 минггача кўтарилди. Ҳали ойлик ошгани йўқ, бозорда нарх осмон. Ёз ғарқ пишиқчиликда камёб бўлган ун қишда топилармикин? Билмадим, бу қишдан қандай чиқаркинмиз”, - дейди пенсионер онахон.

Нархнинг бу қадар қимматлаганидан нонни сотиб олаётганларгина эмас, уни сотаётганлар ҳам норози. Сўнгги тўрт-беш йил ичида уйида нон пишириб сотадиган нонвойлар кўпайган эди. Андижонлик ана шундай аёллардан бири аввалига 200-250 сўмдан сотаётган тандир нонни энди 300 сўмдан сотяпти.

“Ҳозир тўй қилаётганларга роса жабр бўляпти. Еб турганимиз нон эди, энди у ҳам шунақа қимматлаб кетди. Энг ёмони, нон қилгани энди ун ҳам тополмай қоляпмиз”, - деб куйинади нонвой аёл.

Ўзбекистонда нон ва уннинг нархи кутилмаганда бу қадар ошиб кетиши президент Ислом Каримовнинг мамлакат ғаллакорларини 6 миллион тонналик ҳосил йиғиб, режани бажаргани билан табриклаган йилда содир бўлди.

Жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов мамлакатда бунча ғалла ҳосили қоғозда йиғилгани ҳаммага аёнлигини айтади.

“Фермерларни ур-сур билан режани тўлдиришга мажбур қилишди. Эплаган у ёқ-бу ёқдан сотиб олди. Эпламаган эса қўшиб ёзиб юриб, режани бажарди. Ўзи ҳар йили ҳам шу эди-ку, аммо бу йил ҳосил кам бўлгани учун қўшиб ёзиш ҳажми ҳаддан ошди. Ана энди нега қўшиб ёздинг, деб ўша фермерларни жазога тортишяпти. Аслида ҳукумат бу билан эмас, балки ғаллачилик учун оғир келган йилда аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан шуғулланса бўлар эди. Ана, қўшни Қирғизистонда шундай сиёсат кетяпти. Бизда эса бунинг ўрнига телевидениедан “Нонни қадрланг”, “Ғалла мустақиллигига етиб келдик”, деб гапириб ётишибди тинимсиз. Кулишингни ҳам, куйишингни ҳам билмайсан”, - дейди фермер.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ғалла етиштириш ва аҳолини ун маҳсулотлари билан таъминлаш тизими давлат назоратидан чиқиб кетган. Бутун мамлакатдан йиғиб олинаётган буғдой ҳосили эса қаёққа кетаётгани ҳануз эл-юртга қоронғу.
XS
SM
MD
LG