Линклар

Олег Дерипасканинг пуллари Роғунга қараб оқмайди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон ҳукуматининг президент Имомали Раҳмон иштирокида ўтган йиғилишида Россиянинг “РусАл” компанияси билан Роғун ГЭСни қуриш бўйича имзоланган шартнома бир томонлама бекор қилинди.

Бу шартнома 2004 йилда Тожикистонга келган Россия перзиденти Владимир Путин ташаббуси билан “Русский алюминий” компанияси ва Тожикистон ҳукумати ўртасида имзоланган эди.

Шартномага кўра, Роғун ГЭСнинг дастлабки агрегатлари 2009 йилда ишга туширилиши керак эди. Бироқ “РусАл”нинг тўғон баландлиги ва тури борасидаги режалари Тожикистон томонини қониқтирмади.

Тожикистон Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлиги вакили Расулжон Ғафурий “РусАл”ни келишув шартларини бажармаганликда айблади.

Мустақил кузатувчилар Роғун ГЭС борасидаги шартнома Тожикистон фойдасига бўлмагани боис, расмий Душанбе уни бир томонлама бекор қилиб тўғри қарорга келганини таъкидламоқда.

“Роғун ГЭСни қуришга қўшилиб “РусАл” Тожикистон алюминий заводини хусусийлаштириш ниятида эди”, - дейди мустақил кузатувчи Қосим Бекмуҳаммадов.

Айрим кузатувчилар эса Тожикистонни ўзининг стратегик шериги деб билган Россия амалда Ўзбекистонни ва унинг позициясини устунроқ билаётганини қайд этмоқда.

“РусАл” Тожикистон Амударё ҳавзасидаги сув захираларидан фойдаланишда қўшнилари билан келишгандан сўнггина ГЭС қурилишини бошлашини билдирганди.

Тожикистон томони “РусАл” хўжайини Олег Дерипаска Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашувдан сўнг шундай хулосага келди, деган ўйда Роғун ГЭС бўйича ҳамкорликни тўхтатиб қўя қолди.
XS
SM
MD
LG