Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:16

Ўзбекистон фуқароси умрини Тожикистон қамоқхонасида ўтказади


Тожикистон Олий суди ўзбекистонлик Шерали Эргашевни тўрт кишини ўлдирганликда айблаб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд давомида қотил ўз айбига тўла иқрор бўлди.

Суднинг айблов хулосасига кўра, Қарши шаҳрида туғилиб ўсган Ш.Эргашев 2001 йил 9 мартда ўгай синглисини ўлдиргани учун Ўзбекистонда ўлим жазосига ҳукм қилинган. Бироқ президентдан авф сўрагандан сўнг ўлим жазоси 20 йиллик қамоқ билан алмаштирилган. Ўзбекистон президентининг амнистия тўғрисидаги фармони асосида бу жазо ҳам 6 йилга қисқартирилган.

Шунга қарамай, Ш.Эргашев тўғри йўлга кириш ўрнига 2004 йил 4 октябрда Қашқадарёдаги 64/7-ахлоқ тузатиш колониясидан қочади. Ўша куннинг ўзида Эшонқишлоқ чегара постида тожик чегарачиларига 50 сўм ўзбек пули бериб, ўзбек-тожик чегарасидан ҳеч бир ҳужжатсиз ноқонуний тарзда Тожикистонга ўтади. 2005 йил бошида Душанбе шаҳрига келиб, Камола кўчасида яшовчи Мавжуда Сафаровага нонвой бўлиб ишга ёлланади. Унга ўзини Тожикистоннинг Регар туманилик Али нонвой, деб таништиради.

“Мен Алини ишга олишдан олдин унинг паспортини сўрадим. Аммо у ҳужжати йўқолганини рўкач қилиб паспорт кўрсатмади. Агар мен унинг ўзбекистонлик эканини билганимда ҳужжатсиз умуман иш бермаган бўлар эдим”, - деди М.Сафарова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

М.Сафарова Ш.Эргашев уста нонвой бўлгани, у пиширган нонларнинг бозори чаққон бўлганини таъкидлади. У пишириб берилган ҳар бир қоп ун учун 15 сомоний (тахминан 3,5 доллар) иш ҳақи олган.

Қора курсида ўтирган Ш.Эргашев суд мажлисларидаги кўрсатмаларида бегона юртда яшаш учун бу пул етарли бўлмагани, қўшимча даромад илинжида ўғирлик ва қотилликка қўл урганини билдирди.

2005 йил 2 февралда Шералининг илк қурбони Душанбенинг Бухоро кўчасидаги 47-уйда яшовчи Мадина Орипова бўлди. Ўғирлик мақсадида бу уйга кирган Ш.Эргашев Мадинани пичоқлаб, жон бераётган аёл билан жинсий алоқа қилгач, шу оилага тегишли “Самсунг” видеокамераси, видеомагнитафон ва бошқа мол-мулкни ўғирлади.

Профессионал нонвойдан профессонал қотилга айланган Ш.Эргашев 2005 йилдан 2007 йилнинг 8 февралига қадар Мадинадан ташқари душанбелик яна уч қиз - 20 ёшли Сабина Тўраева, 18 ёшли Мавзуна Салимова ва балоғат ёшига етмаган Манижа Остонаевани ҳам ўлдиради. Қотиллик билан бир қаторда Шерали жабрдийдалар мол-мулкларини ҳам ўзлаштирган.

Суд жараёнида Шерали Эргашев ўз қилмишларига тўла иқрор бўлди ва қаттиқ пушаймон эканини билдирди.

Судъя Юсуфжон Салимовнинг: “Қўлга олинмаганингизда одам ўлдиришда яна давом этармидингиз”, деган саволига Ш.Эргашев бунга аниқ жавоб бера олмаслигини айтди.

Тожикистон Жиноят кодексининг икки ва ундан ортиқ одам ўлдириш, давлат чегарасини ноқонуний бузиб ўтиш, балоғат ёшига етмаган шахсни ўлдириш, номусга тажовуз қилиш каби олти моддаси бўйича айбдор топилган Ш.Эргашевга умрбод қамоқ жазоси тайинланди. У жазо муддатини қаттиқ тартибли ахлоқ тузатиш колониясида ўтайдиган бўлди.

Қотиллик қурбонларидан бирининг яқини Дилдора Муҳаммедова суд ҳукмидан рози экани, лекин терговчилар Ш.Эргашев билан вақтинча бирга яшаб юрган тожикистонлик Гавҳар исмли аёлнинг жиноятчига шериклиги масаласини очиқ қолдирганини маълум қилди.

“Бу ишда қўли борлиги аниқ бўла туриб Гавҳар жавобгарликка тортилмади. Қотиллик қурбонларининг уч нафари битта тумандан. Фақат шу туманда иш қилган бегона юртлик қотил қизлар уйда ёлғиз бўлгани ва ўзига тўқ оиладан эканини қаердан билиши мумкин? Гавҳарнинг аввалги ҳаёти билан қизиқиш керак эди. Балки у илгари шу туманда яшаб, бу ердаги оилалар аҳволидан яхши хабардор бўлгандир!? Шералига Гавҳар йўл кўрсатган бўлса, ажаб эмас”, - дейди Д.Муҳаммедова.

Жабрдийдалар Гавҳарга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши талаб қилиб, Тожикистон Бош прокуратурасига шикоят ёзишини билдирди.
XS
SM
MD
LG