Линклар

Ўзбек тиллафурушидан қарийб 5 кило олтин мусодара қилинди


Куни-кеча Олмаота шаҳри божхоначилари Туркиядан Қозоғистон орқали контрабанда йўли билан йирик миқдорда тилла буюмлар олиб ўтишга уринган ўзбекистонлик яна бир аёлни қўлга олди.

Олмаота шаҳри божхона назорати департаменти контрабандага қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нуржон Аханбоевнинг айтишича, божхона текшируви чоғида ўзбекистонлик аёлнинг сумкасидан ва икки жуфт аёллар пойабзали пошнасига ишланган махфий жойдан олтиндан ишланган 4 килограмм 494 грамм заргарлик буюмлари топилган.

Туркиядан олтин буюмларни Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлган ўзбек аёллари тез-тез қўлга олинмоқда.

Н.Аханбоевнинг айтишича, Тошкентда божхона назорати ўта кучли. Шунинг учун ўзбекистонлик тиллафурушлар заргарлик буюмлари контрабандаси учун Қозоғистонни танлайди. Бундан ташқари, Қозоғистон қонунчилигига кўра, қўлга тушган контрабандачига нисбатан қаттиқ чоралар кўрилмайди.

“У фақатгина маъмурий жавобгарликка тортилади. Олиб келган моли учун бож ҳамда жарима тўлаб, жавобгарликдан қутулади”, - дейди Н.Аханбоев.

Қозоғистонлик Гулнора ҳам Туркиядан олтин буюмлар олиб келиш билан шуғулланади. У Туркияда ўзбекистонлик ва тожикистонлик кўплаб тужжор аёлларни кўплаб учратишини билдирди.

“Ўзбекистонлик ва тожикистонлик кўплаб аёлларни кўраман. Улар олтин буюмларни бизнинг чегара орқали олиб ўтишга ҳаракат қилади. Чунки бизнинг чегарадаги назорат улардаги каби қаттиқ эмас”, - дейди қозоғистонлик тиллафуруш аёл.

Унинг сўзларига кўра, Туркиядан тилла олиб келиш билан шуғулланадиган ўзбек аёллари орасида ёш қизлардан тортиб кекса ёшдагиларни ҳам учратиш мумкин.
XS
SM
MD
LG