Линклар

logo-print

Тожик олимлари президентнинг амбициясини асослашга уриняпти

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик мутахассислар мамлакатда қурилиши режалаштирилаётган йирик гидроэнергетик иншоотлар қўшни давлатларга ҳеч қандай зарар етказмаслигини илмий жиҳатдан исботлаб беришга уринмоқда.

Қўшни давлатлар, аввало, Қозоғистон ва Ўзбекистон Тожикистоннинг энергетик мустақилликка эришиш ниятидаги бу амбициясига жиддий танқидий ёндашаётгани сир эмас.

Тожикистонлик мутахассислар эса йирик гидроэнергетик иншоотлар ва сув омборларининг иқлим ва минтақа давлатларига зарар келтиришига оид фикрларда пичоққа илинадиган асос йўқлигини таъкидламоқда.

Тожикистонлик олим Яраш Пўлатов зарар ҳақидаги фикрлар гидроэнергетика соҳасидан яхши хабардор бўлмаган кишилардан чиқаётганини билдирди.

“Агар худбинлик қилинмаса, Ўрта Осиёдаги сув захиралари ҳаммага етади. Тожикистон ва Қирғизистонда қурилиши кўзланган йирик сув омборлари иқлимга зарар етказмаслиги илмий жиҳатдан исботланиб берилган”, - дейди Яраш Пўлатов.

У Тожикистон ўз табиий бойлиги - сувдан фойдаланиш ҳуқуқини халқаро конвенцияларга таянган ҳолда ҳимоялашини маълум қилди.

Йирик сув омборлари бўйича халқаро комиссия котиби Ҳомид Орифов ўз иқтисодини тиклаш учун Тожикистоннинг гидроэнергетика ва сув захираларидан фойдаланишдан бошқа йўли йўқлигини айтади.

“Бироқ негадир Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари сиёсий давраларда очиқдан-очиқ Тожикистонни танқид қилиб, бундай имкониятдан маҳрум этишга уринмоқда. Қўшниларимиз бизга биродар эканини таъкидлайди. Бироқ ҳеч қандай биродарлик муносабатлари сезилмайди. Қиш пайтида турли баҳоналар билан бизни табиий газ ва электр энергиясидан маҳрум қилишади. ГЭС ва сув омборлари қуришга оид лойиҳаларига қўшилмоқчи бўлган хорижий сармоядорларни ҳар йўл билан ўз томонига оғдиради. Ўзбекистон, Туркманистон ёки Қозоғистон ўз конларидан нефтъ ёки газ қазиб олиш учун рухсат сўраб ўтирмаяпти-ку”, - дейди Ҳ.Орифов.

Куни-кеча Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бошчилигида ўтказилган ҳукумат йиғилишида Роғун ГЭСни қуришда Россиянинг “РусАл” компанияси билан имзоланган шартнома бир томонлама бекор қилинган эди.

“РусАл” Тожикистон ҳукумати билан тўғон баландлиги ва унинг тури борасида келиша олмаган, сейсмик хавфни рўкач қилганини айтади зилзилашунос олим Собит Неъматуллоев.

“Роғун ГЭС тўғони 32 йиллик эксплуатацияга бардош берган Норак ГЭС тўғони конструкциясига асосланган. Кўриб турибсиз, Норак тўғони шу пайтга қадар юз берган барча зилзилаларга бардош берган. Шу нуқтаи назардан Роғун тўғони зилзилабардошлиги ҳамда минтақа давлатлари аҳолиси учун хавфлилигига оид фикрлар асоссиздир”, - деди Собит Неъматуллоев.

Зарафшон дарёси устида ГЭСлар каскадини қуриш ниятида Тожикистон билан шартнома имзолаган Хитой компанияларидан бири ҳам ҳозирча ишга киришгани йўқ. Хитойликлар ҳам “РусАл” каби Тожикистон дарёлар сувидан фойдаланишда халқаро меъёрларга амал қилган ҳолда бошқа давлатлар билан келишгачгина ишни бошлашини билдирган.

Руслар-ку компания раиси Олег Дерипаска Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашгандан сўнг шундай қарорга келгани гумон қилингандан сўнг Тожикистондан қувилди.

Энди Тожикистон ҳукумати барча муаммоларни Тожикистон-Хитой-Ўзбекистон иштирокидаги уч томонлама музокараларда ҳал этишни ваъда қилиб, Хитой компаниясини ишни бошлашга кўндирмоқчи бўлиб турибди.
XS
SM
MD
LG