Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:29

Яна бир ўзбекистонлик қочқин юртига экстрадиция қилиниш хавфи остида


Россия Бош прокуратурасининг акс қарорига қарамай, 30 август куни Москва шаҳрининг Мещанск тумани суди Ўзбекистон фуқароси Яшин Жўраевни ватанига экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарди.

41 ёшли Яшин Жўраев тақиқланган “Таблиғ” диний ташкилотининг гуруҳини тузиш айби билан 2005 йил январда Тошкент шаҳрининг Собир Раҳимов тумани суди томонидан жаримага тортилган эди. Ҳукм ижро этилгач ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари босими давом этгани сабабли Я.Жўраев Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган. Кўп ўтмай, Ўзбекистонда унга қидирув эълон қилинган.

Я.Жўраев 26 январь куни Москва шаҳрида ушланган ва ҳозир Мешанск туманининг вақтинчалик тергов изоляторида сақланмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Россия ҳуқуқ-тартибот органлари Я.Жўраевнинг ҳибсга олинишига Ўзбекистонда унга қидирув эълон қилингани, у ўз юртида ноқонуний жамоат ва диний ташкилот тузишда айбланаётганини асос қилиб келтираётганини билдирди.

“Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходимаси Елена Рябинина сўзларига кўра, Я.Жўраев қочқинлик мақомини сўраб Россия миграция хизматига мурожаат қилган. Ҳужжати қабул қилинганидан 5 кун ўтиб унинг сўрови рад этилган.

“Ақлим бовар қилмайди, қандай қилиб 5 кун ичида масалани тўлиқ ўрганиб чиқиш мумкин!? Бу қарор эса шикоят қилиниш учун биринчи инстанцияга олиб чиқилган эди. Ҳали унинг экстрадиция қилиниши ҳақида гапириш ҳам мумкин эмас. Бу худди Рустам Мўминовнинг вазиятига ўхшаш, ўша ҳолат такрорланяпти”, - дейди Е.Рябинина.

Эслатиб ўтамиз, Рустам Мўминов Европа инсон ҳуқуқлари суди қарорига зид равишда Ўзбекистонга бериб юборилган эди. Сурхондарё суди Р.Мўминовни “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айблаб, 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Маълум бўлишича, Россия Бош прокуратураси 30 август куни Я.Жўраев экстрадициясини бекор қилгач, у озодликка чиқарилиш ўрнига Мещанск тумани судига олиб борилган. Туман суди эса унинг экстрадицияси ҳақида қарор чиқарган.

Яшин Жўраевнинг адвокати Марина Морозова бу қарор ноқонуний эканини таъкидлади.

“Чунки унинг қочқинлик мақомини сўраб қилган аризаси ҳали охиригача кўриб чиқилмаган. Шунга қарамай, унинг экстрадиция қилиниши ҳақида аллақачон қарор чиққан. Биз Мещанск тумани суди қарори юзасидан кассация шикояти ëздик. Бу мурожаатимиз Москва шаҳри суди томонидан 6 сентябрь куни кўриб чиқилади. Унгача Яшин Жўраев экстрадиция қилинмаса керак”, - деди адвокат.
XS
SM
MD
LG