Линклар

Собиқ тутқунлар ўз халқидан кечирим сўради

  • Фаррух Юсуфий

“Толибон” жангарилари қўлидаги олти ҳафталик тутқунликдан озод бўлган жанубий кореялик 19 фуқаро ўзлари келтириб чиқарган ташвишлар учун мамлакат халқидан кечирим сўради.

Жангарилар томонидан қатл этилган икки сафдошининг суратларини кўтарганча мамлакатнинг Инчеон аэропортида телевизион камералар олдида чиқиш қилди. Видеотасвирлардан уларнинг силласи қуриганини кўриш мумкин эди.

“Биз Афғонистонга муҳаббат улашиш учун борган эдик. Лекин биз кутилмаганда ўғирлаб кетилдик ва бу билан бутун мамлакатни ташвишга қўйдик. Биз ҳукуматдан узр сўраймиз”, - деди собиқ тутқунлардан бири Ю Кеонг-Сук ва ўз ватандошлари олдида қарздор эканини билдирди.

19 корейс Сеул расмийлари ва “Толибон” ҳаракати ўртасидаги юзма-юз учрашув натижаси ўлароқ озод қилинди.

Жанубий Кореянинг насроний инсонпарварлик ташкилотида кўнгилли бўлган 23 фуқароси Афғонистоннинг Ғазна вилоятида июль ойи ўрталарида ўғирлаб кетилганди. Улардан иккиси қатл этилиб, яна иккиси аввалроқ озод қилинган эди.

Улар ҳукуматнинг тавсияларига қарамай, Афғонистонга борган.

Қатл қилинган кореялик кўнгиллилардан бири пастор Бае Хунг Кюнинг акаси Бае Шин Кю собиқ тутқунлар қатори телевидениеда чиқиш қилиб: “Тутқунлар етакчисининг оила аъзоси сифатида ватандошларимизга келтирган ташвишларимиз учун узр сўрайман”, - деди.

Собиқ тутқунлар аэропортни тарк этиб, тиббий кўрикдан ўтгач, ўз оилаларига қайтди.

Жанубий Корея халқи ўз ватандошларининг озод қилинганини олқишлаб, Сеул ҳукуматининг ҳаракатларига таҳсин айтмоқда.

Аммо Жанубий Корея ҳукумати жангарилар билан музокара қилгани учун халқаро майдонда танқид остида қолди. “Толибон” вакилларидан бири Жанубий Корея ҳукумати гаровдагиларнинг озод этилиши учун 20 миллион доллар товон пули тўлагани ҳақида маълум қилгандан сўнг бу танқидлар янада кучайди.

Афғонистон расмийлари товон пули бир миллион доллардан камроқ бўлганини айтган.

Жанубий Корея ҳукумати эса товон пули ҳақидаги хабарларни инкор этиб, музокаралар натижасида фақат йил охиригача Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ва бу ерга насроний миссионерларни юбормасликка розилик берганини таъкидламоқда.

Афғонистон ташқи ишлар вазири Рангин Додфар Спанта Жанубий Корея ҳукумати “Толибон” талабларини бажарганига ишора қилувчи ҳолатлар таассуфга лойиқ эканини айтди.
XS
SM
MD
LG