Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:45

Олтиариқ аҳли қимматчиликдан норозилик билдирди


Ун, гўшт ва истеъмол ёғи каби маҳсулотлар кескин қимматлаганидан норозилик билдирган бир гуруҳ олтиариқликлар 3 сентябрь куни туман марказида норозилик тадбири ўтказди.

Фарғоналик 25 ёшли деҳқон йигитнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, Олтиариқдаги Янги араб қишлоғидан бир гуруҳ норозилар туман марказига йўл олган. Йўлда уларга бошқалар ҳам қўшилган. Норозиларни туман ҳокими тинчлантиришга уринган.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев норозилик билдирган гуруҳ вакиллари Фарғона вилояти хокимлигига ҳам борганини маълум қилди.

Фарғона водийсидаги бу норозилик чиқиши ҳақида хабар тарқатган “Ўзметроном” сайти уни “оммавий кўтарилиш”, деб атади.

Сайт муҳаррири Сергей Ежков сўзларига кўра, аслида норозилик ҳамма жойда бор, лекин олтиариқликлар ўз норозилиги уюшган ҳолда билдира олган.

С.Ежков бундан олдин Андижон, Наманганда ҳам аҳоли ўз норозилигини у ëки бу шаклда намоëн қилгани, шу боис, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари жанговар шайлик ҳолатига келтирилганини билдирди.

“Ҳукумат нуқтаи назаридан қарасак, қўшинлар жанговар ҳолатга келтирилиши мақсадга мувофиқдир. Чунки кичик ҳудуддаги қўзғалиш катта тартибсизлик келтириб чиқариши мумкин”, - дейди С.Ежков.

Бироқ фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев Олтиариқдан бошқа ҳудудларда ҳам уюшган норозилик тадбирлари бўлганини инкор қилди. Шунга қарамай, у оддий фарғоналиклар олтиариқликларнинг норозилик чиқишига хайрихоҳлик билан қараётганини билдирди.

Шу ўринда олтиариқликларни кўчага чиқишга ундаган нон ва ун нархларини эслатиб ўтиш жоиз.

Паст навли булка нон 200 сўм. Оби нон 300 сўмдан 800 сўмга кўтарилган.
Энг оддий патирнинг нархи бир ярим минг сўмга чиққан.

Бир килограмм ун Ўзбекистонда 1200 сўм (қарийб бир доллар). ЕИ билан солиштирилганда Ўзбекистонда ун беш баробар қимматлиги аëн бўлади. Ўртача ойлик минг доллар бўлган Шарқий Европада уннинг нархи 20 цент атрофидадир.
XS
SM
MD
LG