Линклар

Ўзбекистоннинг дўсти кимлиги табриклар жойлашувида кўринади

  • Алишер Сиддиқ

Мустақиллик байрами муносабати билан президент Ислом Каримов номига йўлланган табрик мактубларининг тагмаъносига етишга уринилса, Ўзбекистоннинг кимга қандай дўст эканини кўриш мумкин.

Табрикларнинг расмий матбуотда жойлашиш кетма-кетлиги бу давлатларнинг Ўзбекистон учун аҳамиятини англатса, уларнинг мазмун-моҳияти Ўзбекистонга нисбатан муносабатни акс эттиради.

Йиллар давомида табриклар рўйхатида биринчи ўринга қўйилган АҚШ бугунга келиб бу рўйхатда ўзини иккинчи ўринда ҳам, учинчи ўринда ҳам топа олмайди.

Ўзбекистон матбуоти 70 йил давомида мамлакатни ўз мустамлакасида сақлаб келган ва 16 йил аввал мустақиллик беришга мажбур қилинган Россиядан келган табрикни ҳамманикидан азизроқ кўргани тушунарсиз.

Постсовет давлатларда Россиянинг аввалги таъсирини тиклашга уринаётганликда айблаб келинаётган президент Владимир Путин ўз мактубида Россия-Ўзбекистон муносабатлари бугунга келиб яна иттифоқчилик асосида ривожланаётганидан мамнуният билдирган.

Расмий матбуот В.Путиндан кейин Хитой ва БМТ раҳбари табригига ўрин берган.

Таҳлилчилар ҳозир Ўзбекистон тобора Россия таъсирига тушиб бораётганини қайд этади. Россия билан яқинлашув кўпчиликнинг наздида аҳоли турмуш даражасининг кўтарилишини англатиши керак эди.

“Бу эса амалда содир бўлмади, - дейди АҚШдаги Жон Ҳопкинс университети Марказий Осиё ва Кавказ бўлими етакчи тадқиқотчиси Сванте Корнел. - Россияга ҳаддан зиёд қарамлик ва имкониятларнинг чекланиб бораётгани Тошкентдаги турли доираларда хавотирларга сабаб бўлаётир”.

Афтидан Ислом Каримов ҳам бундай хавотирларни мустақилликнинг илк йилларда ҳис этган. Унинг ўзи мустақилликни мустаҳкамлаш учун Кремль билан муайян масофа сақлаш лозимлигини уқтириб келганди.

Аммо бугунги вазият мустақилликми ёки режим хавфсизлиги, деган масалани кун тартибига чиқарган. Андижон воқеалари, постсовет давлатлардаги демократик инқилоблар ортидан бу икки йўлдан бирини танлашган тўғри келгандек.

“Бир томондан амалдаги бошқарувни қутқариб қолиш, бошқа томондан Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида сақлаб қолиш масаласи юзага келди. Лекин И.Каримов бу икки йўналиш бир-биридан айри эканини англамайди. Каримовнинг ишонишича, унинг ҳокимиятда қолиши мамлакат барқарорлиги ва мустақиллиги кафолатидир”, - дейди Сванте Корнел.

И.Каримовнинг Россия томон ҳаддан зиёд оғиб кетаётганидан АҚШ ўз хавотирини очиқчасига билдиргани йўқ. Аммо президент Жорж Бушнинг сўнгги табригидан ҳам, АҚШ Давлат департаменти мулозимлари қилган аввалги баёнотлардан ҳам бу хавотирларни илғаш қийин эмас.

“Бу ерда бошқа кучлар билан рақобат қилишга ҳаракат қилаётганимиз йўқ. Ўзбекистон Россия, Хитой, Европа давлатлари билан алоқаларни давом эттиради, деб ўйлаймиз. Аммо биз Ўзбекистонга бу борада бошқа имкониятларни топишга ёрдам бера олишимиз мумкин. Ташқи сиёсатда давлат қанчалик кўп имкониятларга эга бўлса, шунчалик кўп мустақилликка ҳам эга бўлади”, - деган эди ўтган йили Тошкентга сафар қилган АҚШ давлат котибининг Марказий ва Жанубий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Ричард Баучер.
XS
SM
MD
LG