Линклар

logo-print

Тожикнинг чироғи туркманнинг токидан ёнади

  • Гулнора Равшан

“Барқи тожик” холдинг компанияси Туркманистоннинг “Қувват” ширкати билан Тожикистонга 1 миллиард киловатт соат электр энергияси етазиб бериш бўйича шартнома имзолади.

“Барқи тожик” компанияси матбуот хизмати бошлиғи Нозиржон Ёдгорий бу шартнома Туркманистон ва Тожикистон энергетикларининг 30 август куни Ашхободда бўлиб ўтган учрашуви чоғида имзоланганини маълум қилди.

2002 йилда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги муносабатлар совуқлашуви асносида Туркманистоннинг электр узатиш тизими Марказий Осиё умумий тизимидан бир ёқлама узиб қўйилган эди. Ўшандан сўнг туркман электр энергияси Эрон, Туркия ва Афғонистонга сотила бошлаганди.

Жорий йил июль ойи охирларида Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон энергетика вазирларининг Ашхободдаги учрашувидан сўнг умумий тизимни тиклаш борасида келишиб олинди.

“Барқи тожик” холдинг компанияси раиси Шарифхон Самиев айни пайтда умумий тизимни тиклаш бўйича техник ишлар амалга оширилаётганини билдирди.

“Туркманистон ўз тизимини Ўзбекистонникига улаши зарур. Сўнгги 5-6 йил мобайнида электр узатиш тизимлари хароб аҳволга келиб қолган. Уни тиклаш учун 3-4 ой вақт талаб этилади ва бунинг учун барча харажатлар Туркманистон томонидан қопланади. Тожикистондан ҳеч қандай маблағ сарфланиши талаб қилинмайди”, - деди Ш.Самиев.

Унинг айтишича, барча техник муаммолар ечилгандан сўнг Туркманистон куз ва қиш мавсумида Тожикистонга электр энергиясини тижорий нархларда сотишни йўлга қўяди. Туркман токининг асосий истеъмолчиси Тожикистон алюминий заводи бўлади. Лекин бу электр энергияси қисман фуқаролар учун ҳам сотилади.

Мустақил кузатувчилар эса “Барқи тожик” компанияси ҳар гал президентни ҳам, аҳолини ҳам қуруқ ваъдалар билан алдаб келаётганини таъкидламоқда. Компаниянинг Туркманистондан олинадиган электр энергияси эвазига бу йил Тожикистонда электр тақчиллигига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги баёноти ҳам кўзбўямачилик сифатида кўрилмоқда.

“Қўшнилардан электр қуввати сотиб олишдан олдин улар билан муносабатни яхшилаш керак. Ўтган йили ҳам Қирғизистон сотиши режаланган катта миқдордаги электр қувватини Ўзбекистон томони турли баҳоналар билан бу томонга узатмагач, Тожикистон қиши билан зулмат ичида қолгани эсимизда. Бу йил ҳам шундай бўлишига ишонаман. Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар барчага маълум”, - дейди мустақил кузатувчи Ғуломиддин Сайфиддинов.

Бироқ “Барқи тожик” компанияси вакили Нозиржон Ёдгорий Ўзбекистон Туркманистондан келадиган бир миллиард киловатт соат электр энергиясини ўз электр узатиш линиялари орқали Тожикистонга етказиб беришга рози бўлганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG