Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:44

Ҳолва, ҳолва деган билан...


Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси – янги чақириқ Мажлисда қилган маърузасида президент Нурсултон Назарбоев мамлакат ривожланаётган давлатдан ривожланган давлатга айланиб бораётганини эълон қилди.

Унинг таъкидлашича, иқтисоди йил сайин ривожланиб бораётган Қозоғистон халқаро майдонда рақобатбардош давлатлар сафига қўшилаётир.

Н.Назарбоев Қозоғистонни дунёнинг энг ривожланган 50 давлати сафида кўриш ниятини деярли ҳар бир йирик йиғилишда баён қилади.

Долзарб тадқиқотлар маркази раҳбари Андрей Чеботарёв президентнинг Мажлисдаги нутқи ҳам у бу борадаги ишларни давом эттиришга бел боғлаганини англатишини билдирди.

“Н.Назарбоевнинг Қозоғистон ривожланган давлатлар қаторига кираётгани ҳақидаги сўзларида фақатгина мамлакатнинг иқтисодий равнақи кўзда тутилган. Ҳар бир ривожланган давлатда мавжуд критерийлар Қозоғистонда, афсуски, бор деб бўлмайди. Шу сабабли президент ушалиши қийин бўлган орзуни ҳақиқатга йўймоқда”, - дейди Андрей Чеботарёв.

Сиёсатшунос Эдуард Полетаев эса Қозоғистоннинг Марказий Осиё давлатлари иттифоқини тузиш ташаббусини ёдга олар экан, президентнинг Мажлисдаги баёноти Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги давлатлар орасида лидерликка эришиш мақсадини янада мустаҳкамлаш учун ҳам хизмат қилишини таъкидлади.

“Аммо бошқа томондан қараганда, президентнинг бу баландпарвоз сўзлари халқаро кузатувчилар, жумладан, ғарблик сиёсатшуносларни фалаж қилиб қўйган яқиндаги парламент сайлови натижаси билан ҳам боғлиқ. Назарбоев иқтисодий ривожланиш, аҳоли яшаш даражаси ва ижтимоий ҳимоясидаги муваффақиятлар демократия даражасига тўғридан-тўғри боғлиқ эмаслигини кўрсатмоқчи бўляпти”, - дейди сиёсатшунос.

Сиёсатшунос Қаҳармон Хўжамберди сўзларига кўра, ривожланаётган давлатларни ривожланган давлатлардан фарқловчи қатор омиллар мавжуд. Таълим, соғлиқни сақлаш, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги каби соҳалар эътиборга олинса, Қозозоғистонни ривожланган давлатлар сафига кириб боряпти, дейиш жуда қийин.

“Шу сабабли Қозоғистон ҳали ҳам ривожланаётган давлатлар рўйхатида эканини тан олиш керак”, - деди Қ.Хўжамберди ва Н.Назарбоевнинг Мажлисдаги баёнот пиар мақсадларни кўзлаганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG