Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:23

Эрон Ироқ шимолини бомбардимон қилмоқда


Ироқ ташқи ишлар вазири Ҳушёр Зебарий 3 сентябрь куни Теҳронга сафари чоғида Эрондан Ироқнинг шимоли-ғарбидаги курдлар яшайдиган ҳудудларни бомбардимон қилишни тўхтатишни талаб қилди.

Ҳ.Зебарий Эрон бу ҳудудларни икки ҳафтадан буён бомбардимон қилаётгани, бу агрессия ҳисобланишини таъкидлади.

Теҳрон расмийлари Ироқнинг курдлар яшайдиган ҳудудлари бомбардимон қилинаётганини ҳозирча очиқ тан олгани йўқ. Бироқ Ҳ.Зебарий ўзаро учрашув чоғида эронлик ҳамкасби Манучеҳр Муттақий Ироқ шимолидаги тоғли ҳудудларга яширин базалар қурган “Пезак” жангари гуруҳи аъзолари очган ўтга жавобан Эрон Ироқ ҳудудини ўққа тутганини айтганини билдирди. Эронлик курдларнинг “Пезак” гуруҳи Эронда мухториятга эга бўлишни мақсад қилган.

Маълумотларга кўра, Туркия ҳарбийлари ҳам Ироқ шимолида хавфсиз бошпана топган Курдистон ишчилар партияси жангарилари яширинган қишлоқларни нишонга олмоқда. Анқара ҳукумати курд жангариларини йўқ қилиш учун Ироқ чегараси яқинига 140 минг аскардан иборат ҳарбий куч жойлаштирган.

Лондон иқтисодиёт мактаби тадқиқот маркази таҳлилчиси Яҳё Саид “Озодлик” билан суҳбатда Эроннинг хатти-ҳаракатини тушуниш мумкинлигини айтади.

“Эронда Туркиядаги каби мамлакатда яшовчи кам сонли курдлар билан муаммолар бор. Чамаси улар Ироқда курдлар мухториятга эга бўлиши ёки мустақилликни қўлга киритиши ҳамда бунинг қўшни давлатларда яшовчи курдларга таъсир этишидан хавотирда. Шу боис, улар курдларни қўрқитиб қўйишга уринаётган бўлиши мумкин”, - дейди британиялик таҳлилчи.

Яҳё Саид фикрича, Ироқ шимоли-ғарбидаги курдлар яшовчи ҳудудларни ўққа тутиш кенг кўламли ҳарбий можарога айланмайди. Бундан мақсад ироқлик курдларни вазиятга ечим топиш учун чора кўришга мажбур қилишдан иборат.

Ҳушёр Зебарий аксарияти курдлардан тузилган миллий армия хориждан Ироқ шимолига кириб келаётган курд гуруҳларини назорат қилиши кераклигини таъкидлади. Бироқ ҳозир Курдистон мухтор ҳукумати чегара минтақаларини назорат қилиш учун у ерга қўшин жойлаштириш имкониятига эга эмас.

Яҳё Саид АҚШ Шимолий Ироқнинг Туркия ва Эрон томонидан ўққа тутилишини тўхтатиш имкониятига эга эмаслигини ҳам билдирди.

“Америка туркларга бу масалада ҳатто босим ҳам кўрсата олмайди, деб ўйлайман. 2003 йилда Туркия АҚШнинг Ироққа бостириб киришини қўллаб-қувватлашдан бош тортганидан кейин ўзаро муносабатлар жуда нозиклашган. Туркия ва Эронда амалга оширилган террор ҳаракатларига алоқадор бўлган гуруҳлар жангарилари нишонга олинаётгани боис, АҚШнинг бу жараённи тўхтата олиши амри маҳол”, - деди Яҳё Саид.
XS
SM
MD
LG