Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:49

Консулларнинг консулидир Озода


Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг учинчи қизи Озода Раҳмонова мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Илгари бу бошқармани президентнинг куёви Баҳром Холназаров бошқарарди. 21 августда у Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчиси этиб тайинлангандан буён Озода Раҳмонова унинг курсисини эгаллаши борасида шов-шувлар қулоққа чалиниб турди.

Бу гаплар ҳақиқатга айланиб, О.Раҳмонова консуллик бошқармаси бошлиғи вазифасига тайинланганини Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Давлат Нарзиев тасдиқлади.

Тожикистон раҳбарининг қизи ёш бўлишига қарамай, сиёсат оламига кириб келгани мамлакат сиёсий доиралари ва мустақил кузатувчилар томонидан турлича талқин қилинмоқда.

Уларнинг айтишича, мамлакат раҳбари ҳукумат мулозимларидан давлат идораларида кадрлар сиёсатига жиддий аҳамият қаратилишини талаб қилар экан, ўз яқинларини у вазифадан бу вазифага тайинлашдан тийилаётгани йўқ.

Мустақил кузатувчи, ҳуқуқшунос Шокиржон Ҳакимов бу билан давлат идораларидаги асосий лавозимлар, мўмай даромадлар манбаи саналган вазифалар алоҳида доираларга тегишли экани яна бир карра ўз исботини топганини таъкидлайди.

“Амалдаги ҳукумат мулозимлари ўз манфаати йўлида яқинларини катта даромад манбаи бўлган вазифаларга тайинламоқда. Бу ўринда ҳатто уларнинг янги лавозимга қанчалик лойиқлиги ҳам эътиборга олинаётгани йўқ. ТИВнинг консуллик бошқармасига келсак, билишимча, на собиқ, на янги бошлиқ бу лавозим учун етарли билим ва тажрибага эга эмас”, - дейди мустақил кузатувчи.

Ш.Ҳакимов бу ҳолат давлатнинг муҳим идораларида кадрлар ислоҳоти ўтказиш учун амалдаги ҳукуматда сиёсий ирода йўқлигидан далолат эканини билдирди.

Мустақил кузатувчи Ҳикматулло Сайфуллозода эса И.Раҳмон ўз қизини масъул лавозимга тайинлашда қўшни давлатлар - Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларига тақлид қилганини таъкидлади.

“Аммо қўшни давлатлар раҳбарларининг сиёсатга аралашиб юрган қизлари ўз юртидаги юқори доираларда эътибор қозона олган. Аммо бизнинг президентнинг учинчи қизи давлат сиёсий доирасига кириши учун ҳали жуда эрта. Бу ёшда унга шундай лавозим берилиши мамлакат сиёсий доиралари, қолаверса, тожик жамияти учун кутилмаган ҳолдир”, - деди Ҳикматулло Сайфуллозода.

Кузатувчи президентга яхши кўриниш учун унинг қизини юқори лавозимга тайинлаган мулозим бу иши билан давлат раҳбарининг халқаро майдондаги обрўсига путур етказишини билдирди.
XS
SM
MD
LG