Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:02

Бу иш ҳали узоқ чўзилади...


Олмаота шаҳри судида Қозоғистоннинг энг йирик банклардан бири бўлмиш “Нурбанк”ка жорий йил январида уюштирилган ҳужум юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд жараёни ниҳоясига етди.

Банкнинг собиқ раиси Абилмажин Гилимов полициянинг махсус отряди жангчилари ёрдамида банкка атайин ҳужум уюштириб, банк ғазнасидан катта миқдордаги маблағни ўзлаштиришда айбланганди. Бироқ суд А.Гилимовни ҳам, полиция махсус отрядининг судга тортилган тўрт жангчисини ҳам оқлади.

Бироқ “Нурбанк” атрофидаги можаролар бу билан ҳал бўлиб қолгани йўқ. Банк маблағларини ўзлаштириб бедарак йўқолгани маълум қилинган икки топ менежер – Жўлдас Темиралиев ва Айбар Ҳасенов тақдири ҳамон номаълум қолмоқда. Қозоғистон президентининг уларнинг йўқолишида қўли борлиги айтилаётган собиқ куёви Роҳат Алиевнинг Австриядан экстрадиция қилиниши масаласи ҳам очиқ турибди.

Тергов гуруҳининг билдиришича, айни пайтда “Нурбанк”ка ҳужумни ташкил этишда Р.Алиев раҳбарлигида ноқонуний ҳаракат қилган ҳуқуқ-тартибот идораларининг юқори мансабдорлари айбланаётир. Улар орасида прокурор, молия полицияси раҳбарлари ҳам бор.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги “Нурбанк”нинг бедарак йўқолган раҳбарларини излашни давом эттираётганини билдирмоқда. Жўлдас Темиралиевнинг расмийларга ишончи йўқолган рафиқаси Армонгул Капашева ҳам эрини топиш йўлида амалий ҳаракатларга киришган.

Унинг сўзларига кўра, эри тақдирига ойдинлик киритиш мақсадида Роҳат Алиев билан учрашиш учун Вена шаҳрида бўлиб қайтган, аммо ниятига ета олмаган. Сўнг Р.Алиевнинг ўғли ва собиқ рафиқаси Дариға Назарбоевага ёрдам сўраб қилган мурожаатлари ҳам бесамар бўлган.

А.Капашева энди ягона умиди Р.Алиевнинг Австриядан ўз юртига экстрадиция қилинишида эканини айтмоқда.

Бироқ Олмаота инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари Евгений Жовтис Р.Алиев Қозоғистонга келтирилишига ишонмаётир.

Унинг фикрича, Австрия экстрадицияга рад жавоби берган экан, агар Қозоғистон ҳукумати чиндан ҳам ҳақиқат юзага чиқишини, Р.Алиев жавобгарликка тортилишини истаса, бу иш Австрия судида кўриб чиқилишига эришиши зарур. Бунинг учун Австрия судига Р.Алиевнинг қилмишлари ҳақидаги далилларни тақдим этиш керак.

Мустақил сиёсатшунос Дўсим Сатпаев эса Қозоғистоннинг Р.Алиев иши Австрия судида кўриб чиқилишига шошилмаётгани сабабларидан бири ҳукуматнинг тўпланган далиллар собиқ куёвнинг қаттиқ жазо олишига етарли бўлишига ишончи комил эмаслигида, деб билади. Шу боис, дейди сиёсатшунос, Р.Алиев билан боғлиқ жиноят иши ҳали узоқ давом этади.
XS
SM
MD
LG