Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:20

Жалолободда террорчиликда гумонланган икки ўзбек фуқароси қўлга олинди


Ўзбекистон ва Қирғизистонда бир қанча террорчилик ҳаракатлари содир этишда гумонланиб яқинда Жалолобод вилоятида қўлга олинган тўрт кишининг икки нафари Ўзбекистон фуқароси экани хабар қилинмоқда.

Қирғиз матбуотининг ёзишича, Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда ва бир қанча террорчилик ҳаракатлари иштирокчилигида гумонланган бу тўрт шахс тунда ўтказилган амалиёт натижасида ушланган. Уларнинг икки нафари Ўзбекистон, иккитаси Қирғизистон фуқаросидир. Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари Ўш шаҳридаги қамоқхонада сақланмоқда.

Жалолобод вилояти расмийси Муса Эргашев сўзларига кўра, ушланганлар орасида террорчилик ҳаракатининг 1979 йилда туғилган раҳбарларидан бири ҳам бўлиб, қўлга олиш чоғида у граната портлатмоқчи бўлган, аммо ниятига ета олмаган.

Вилоят расмийси қўлга олинганлар орасида Абдуллоҳ исмли шахс ҳам борлигини, унинг 2006 йилда Боткен вилоятига ҳужум қилган террорчилар гуруҳига мансублиги тахмин қилинаётганини билдирди. Бу ҳужум оқибатида ўнга яқин тинч аҳоли қурбон бўлган эди.

Жалолобод вилояти милицияси вакили Шермамат Мамбетқуловнинг айтишича, Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистоннинг террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинган фуқаролари илгари ҳам ушланган. Террорчи сифатида Ўзбекистонда қидирувда бўлган шахсларнинг айримлари Қирғизистонда ноқонуний тарзда жон сақлаётгани маълум фактдир.

Ш.Мамбетқулов айни пайтда қўлга олинган тўрт шахс мансуб бўлган гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам қидирилаётганини маълум қилди.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тизимлари маълумотида айтилишича, кейинги пайтларда мамлакатдаги “Ҳизб ут-таҳрир” партияси Ўзбекистон исломий ҳаракати каби жангари ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтирмоқда.

Бу борада Қирғизистон Дин ишлари давлат агентлиги раҳбари ҳам баёнот берган эди. Бу баёнотда “Ҳизб ут-таҳрир” мафкуравий курашдан воз кечиб, қуролли курашга тайёргарлик кўра бошлагани айтилганди.

Бироқ “Ҳизб ут-таҳрир” вакиллари бундай баёнотлар асоссиз эканини билдирмоқда.

“Ҳизб ут-таҳрир” ҳеч қачон бундай моддий ишга қўл урмайди ва бундай моддий ишга қўл уришга ҳаракат қилаётганларни ҳам бу йўлдан қайтаради. Бизнинг курашимиз мафкуравий курашдир”, - деди “Ҳизб ут-таҳрир” аъзоси Султонбек Бадалов.
XS
SM
MD
LG