Линклар

logo-print

Тақирбош миллатчилар содир этаётган жиноятлар кўлами ошмоқда

  • Фаррух Юсуфий

Россияда ксенофобия муаммосини тадқиқ этадиган “Укки” маркази мамлакатда ирқчи ва неонацистлар содир этаётган жиноятлар қурбонлари сони ўтган йилгига нисбатан 22 фоиз ошганини маълум қилди.

Марказ тарқатган маълумотга кўра, жорий йилнинг 7 ойида Россияда ирқчилар ва неонацистлар содир этган жиноятлардан жабрланганлар сони 310 тадан кўпроқни ташкил этган, улардан 37 нафари ҳалок бўлган. Ўтган йилнинг шу даврида бу каби жиноятлардан 252 киши жабр кўрган ва улардан 21 нафари ҳалок бўлган.

“Укки” маркази директори Александр Верховскийнинг “Озодлик” радиосига айтишича, муаммо кескинлашиб бораётганининг асосий сабабларидан бири ҳукумат уни жиддий қабул қилмаётганидадир.

“Албатта, ҳукумат чора кўряпти, ҳатто милиция ва прокуратуранинг бу борада қилаётган ҳаракатларида силжишларни ҳам кўриш мумкин. Лекин бу ҳаракатлар кўлами етарли бўлмаяпти. Чунки ирқчи гуруҳлар ҳаракатлари кўлами ундан кўра тезроқ ошиб боряпти”, - дейди А.Верховский.

Унинг сўзларига кўра, бундай жиноятлар ҳуқуқ-тартибот идоралари учун ғайриоддий ҳисобланади ва милиция ёки прокуратура ходимлари бу каби ишлар билан шуғулланишни истамайди. Қолаверса, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари орасида ирқчиларни ёқловчи кишилар ҳам бор.

“Бунинг ажабланарли жойи йўқ, афсуски, мамлакатимизда миллий хурофоти бўлган кишилар кўпчиликни ташкил этади, милиция ҳам умумий омма кайфиятидан йироқ эмас”, - деди А.Верховский.

Россиялик миллатчилардан азият чекаётган нославянлар орасида тирикчилик илинжида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондан иш излаб борганлар оз эмас. Хусусан, ўтган ойнинг ўзида Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларининг турли бурчакларида уч ўзбекистонликнинг жасади топилди. Бундан уч ҳафта аввал эса Интернетда ўзини “Россия национал социалистик партияси” аъзолари деб атаган миллатчилар бир тожик ва доғистонликни қатл этаётгани туширилган тасвирлар тарқатилди.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроев йил бошидан бери марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик фуқароларнинг йигирмага яқини рус ирқчилари қурбони бўлганини билдирди.

А.Верховский Россия ҳукумати бу муаммони ўта жиддийлар сирасидан ҳисобламаётганини таъкидлади.

“Чунки миллий адоват туфайли амалга оширилаётган қотилликлар сони ўнларни ташкил этади. Албатта, бу Россиядаги қотилликларнинг кичик бир қисмидир. Лекин ҳукумат бундай қотилликлар жамиятда келтириб чиқараётган кайфиятларнинг, бу муаммонинг жиддийлигини тушуниб етмаган кўринади”, - дейди А.Верховский.

3 сентябр куни Москвада миллатчилар иштирокида намойиш бўлиб ўтди. Россиянинг Кондопога шаҳрида миллий сабабларга кўра рўй берган тартибсизликларнинг бир йиллигига бағишланган намойиш иштирокчилари “Биз руслармиз, яшасин руслар”, дея ҳайқирди.

Бундай воқеалар рус жамиятида ирқчилик кайфиятлари кучайишига ҳисса қўшмасдан қолмайди, албатта. Илгари фақат тақирбошлар томонидан “чёрний”, яъни “қора” деб ҳақоратланган муҳожирлар энди оддий руслардан ҳам шу гапларни тез-тез эшитмоқда.

Александр Верховский рус жамиятида ирқчилик кайфиятларнинг саратон янглиғ тарқалаётгани, биринчи навбатда, Кремлнинг бундай кайфиятни раҳбатлантирмаса-да, унга етарли қаршилик ҳам кўрсатмаётгани натижаси эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG