Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:47

Экологияга оид хабарлар


Австралияга сафар қилаётган АҚШ президенти Жорж Буш Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларини глобал иқлим исиши олдини олиш учун ҳамкорликда ҳаракат қилишга чақирди. АҚШ раҳбари Хитой ва Ҳиндистон каби йирик давлатлар глобал иқлим исиши жараёнини тўхтатиш йўлидаги уринишлардан четда қолмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлади.

“Иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилмоқчи бўлсангиз, бу ишда ҳамма баробар иштирок этиши керак. Бу муаммони ҳал этиш йўлларини издашда Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлар ҳам қатнашиши лозим. Агар Хитой каби давлат фаол иштирок этмаса, ҳамманинг умумий мақсади бўлган иқлим исишининг олдини олишга қаратилган ҳар қандай уриниш кўзланган натижани бермайди ”, – деди Жорж Буш.

Сидней шаҳрида Австралия бош вазири Жон Ҳовард билан учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Жорж Буш АҚШ Киото протоколидан чиққанига қарамай, ўтган йили мамлакатда атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдори камайтирилганини билдирди.

*** *** ***

Келаси ҳафтада Германиянинг Франкфурт шаҳрида автомобиль ишлаб чиқарувчи етакчи ширкатлар атроф-муҳитга зарарли газларни камроқ чиқарувчи янги автомобилларини намойиш қилади.

Атмосферага кам миқдорда зарарли газ чиқарадиган, яъни ҳам электр, ҳам бензинда юрадиган гибрид моторли автомобиль ишлаб чиқариш бўйича Япония ширкатлари дунёда етакчилик қилмоқда.

Маълумотларга кўра, Франциянинг PSA Peugeot Citroen, Германиянинг Mercedes Benz ва бошқа ширкатлар шу турдаги янги автомобилларини кўргазмага қўйиши учун яна икки йил вақт керак бўлади. Аммо Европа Иттифоқи келаси йилдан бошлаб автомобиллар атмосферага чиқараётган зарарли газлар миқдорини камайтириш ҳақидаги қонунни амалга тадбиқ этишни режалаштирган. Қонунда 2012 йилга қадар ширкатлар ишлаб чиқарган янги автомобиллар бир километр йўлни босиб ўтганда ҳавога чиқаётган ис гази ўртача 130 граммдан ошмаслиги талаб қилинади.

*** *** ***

Сўнгги йилларда дунёда чўл ҳудудларининг кенгайиб бораётгани глобал муаммога айланди. 3 сентябрь куни Мадридда БМТ ҳомийлигида бошланган халқаро анжуман шу муаммога бағишланган. Тадбирдан мақсад чўлланиш жараёнини тўхтатишни назарда тутган 10 йиллик дастур ишлаб чиқишдир.

БМТ ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ҳозир дунёнинг чўл ҳудудларида қарийб 200 миллион одам яшайди. Сайёрамиз қуруқлигининг 41 фоизини ташкил этувчи суғориладиган ҳудудларда эса дунё аҳолисининг учдан бир қисми, яъни икки миллиарддан ортиқроғи истиқомат қилади.

БМТ маълумотига кўра, экин майдонларининг чўлга айланиши оқибатида қишлоқ хўжалигига дунё бўйича йилига 65 миллиард доллар миқдорида зарар етмоқда. Шунингдек, очарчилик ва можаролар юз бермоқда, минглаб аҳоли уй-жойини ташлаб бошқа жойга кўчишга мажбур бўлмоқда.

Олимлар фикрича, яйловлар ва экин майдонларидан меъёрдан ортиқ фойдаланиш, аҳоли зич яшаши ва глобал иқлим ўзгариши ер деградацияси ва саҳролар кенгайишига сабаб бўлаётир. Дунёнинг барча минтақасига ҳос бу муаммо Африканинг Саҳрои кабир ва Марказий Осиё минтақасида жиддий тус олган.

ЭКОСАН халқаро ташкилоти раҳбари Юсуф Шодиметовнинг билдиришича, сўнгги ўн йилликлар мобайнида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам чўлланиш жараёни кузатилмоқда.

“Чўлланиш муаммосига бағишлаб Мадридда ўтказилаётган анжуманни биз, Марказий Осиё олимлари қўллаб-қувватлаймиз. Шуни айтиш келакки, 21-аср бошига келиб чўлланиш жараёни дунё миқёсида кенгайиб боряпти. Секин-аста, кўзга кўринмайдиган ҳолда йилига бир неча километрга кенгайиб бормоқда. Айниқса, бизнинг минтақамизни оладиган бўлсак, фақат Орол атрофининг ўзида денгизнинг қуриб бориши билан боғлиқ бўлмаган ҳолда чўлланиш жараёни кенгайяпти”, деди Юсуф Шодиметов.

Ўтган ҳафта Венада уюштирилган анжуманда сўзлаган БМТ вакили Иво Де Буа иқлим ўзгариши муаммосига халқаро жамоатчилик муносабати ўзгарганини таъкидлади.

“Муносабат ўзгарди. Айрим етакчи давлатлар гапни тугатиб, иқлим ўзгариши олдини олиш бўйича сўзлашувлар бошлаш вақти келганини айтмоқда. Бироқ бу гапга ҳамма қўшилмаяпти. Шу боис, БМТ бош котиби 24 сентябрь куни ўтказадиган тадбир бу муаммони ҳал қилишда муҳим рол ўйнайди, деб ўйлайман ”, – деди Де Буа.

14 сентябрга қадар давом этадиган Мадрид анжуманида салкам 200 та давлатдан икки мингга яқин делегат қатнашмоқда.
XS
SM
MD
LG