Линклар

Миш-мишлар ортидан

  • Сарвар Усмон

Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик юбилейи арафасида маҳаллий маъмурлар кўраётган ғайриоддий чоралар ҳақида анча вақтдан бери эл оғзида бўлган гап-сўзлар Интернетга чиқиб, янгилик тусини олди.

“Марғилон марказидаги Боғкўча аҳолиси байрам кунларини шаҳардан ташқарида - Шоҳимардон курортида ўтказармиш, курорт пулини ҳокимлик тўлармиш”. “Маҳаллий савдогарлар юбилей тантаналари ўтадиган кунларда озиқ-овқат нархини тушириб турармиш, бунинг эвазига ҳокимлик ҳар бир савдогарга 50 минг сўмдан товон тўлармиш”.

5 сентябрь куни куни Интернетда ана шу қабилдаги миш-мишлар “манбаси ишончли янгилик” сифатида тарқади.

Нима учун боғкўчаликлар она шаҳри - Марғилоннинг 2000 йилда бир бўладиган тўйини кўрмаслиги керак? Уларнинг байрам кунларида Шоҳимардонга чиқариб юборилаётгани наҳотки рост бўлса?!

“Айнан шундай миш-мишнинг пайдо бўлганига анча бўлди, - дейди фарғоналик уй бекаси. - Бир ойча олдин Марғилонга тўйга боргандим. Шаҳар чиройли бўлиб кетган, қурилишлар кўпайган экан, мақтадим. Мезбонлар хурсанд бўлди, лекин бироздан кейин байрам куни аҳоли кўчага чиқмас экан, марказда яшайдиган аҳоли Шоҳимардонга кетар экан, дейишганди”.

Тахминан бир ой олдин пайдо бўлган бу гап Марғилондан анча йироқдаги Бағдод туманига ҳам етиб борибди. Фақат Бағдодга бу гап “чиқариб юборармиш” шаклида эмас, балки “чиқариб юборибди” шаклида етиб борибди.

“Ўзметроном” сайти Марғилон шаҳри ҳокимлиги байрам кунлари Шоҳимардонга кетиб туриши учун боғкўчаликларга 10 минг сўмдан (тақрибан 8 доллар) бермоқчи, деб хабар тарқатганди.

“Тўғри, шундай гап бор. Фақат мен 10 минг эмас, кўпроқ деб эшитувдим. Масалан, бузилиб кетган мадрасанинг ўрнига бозор ёнидан кўчиб борганлар бор. Ўшаларга 50 мингдан берибди, деб 5-6 кун аввал эшитгандим. Кейин 30 мингдан, деб эшитдим. Шу пулни олиб Марғилондан чиқиб турасизлар, дейишганмиш”, - дейди суҳбатдошлардан бири.

Демак, бу миш-мишлар камида икки ҳафтадан буён вилоят бўйлаб, балки қўшни вилоятларда ҳам қулоқдан қулоққа ўтиб юрибди ва охир-оқибат 5 сентябрь куни янгилик сифатида оммавий ахборот воситалари тилига ҳам тушди.

Аммо Марғилон шаҳри ҳокимлиги вакиллари бу гап-сўзлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Лекин атрофлича маълумот беришни истамади.

Юқоридаги суҳбатдошларнинг барчаси (албатта, ҳокимлик ходимларидан ташқари) шаҳар марказидаги кўча аҳлининг байрам кунлари Шоҳимардонга чиқариб юборилишидан, аниқроғи, чиқариб юборилармиш, деган гап пайдо бўлганидан негадир ҳайрон бўлмади.

Боз устига, улардан бири: “Бурҳониддин Марғиноний мажмуи очилганда президент қатнашган, ўшанда Ғофир ота деган киши президентга дўппи кийгизиб, қўлига битта хат ҳам тутқазиб қўйган эди. Менимча, раҳбарлар шундай бўлишидан ниҳоятда қўрқади”, - деб қолди.

Ҳа, ҳамма иллат маҳаллий раҳбарларда. Президент жаноблари оддий одамлар билан бир чойлашай дейди-ю, жойлардаги раҳбарлар бунга йўл қўймайди.

Яна бир миш-миш Марғилон дўконларидаги нарх-навога оид эди. Дўкондорларга нархларни тушириб туриши эвазига ҳокимлик чиндан ҳам 50 мингдан беряптими-йўқми, аниқлаб бўлмади.

Лекин марғилонлик суҳбатдош бу гапни эшитиб: “Одамлар тўйиб бўлди. Дўконларда унга паст нархни қўйиб қўйишган. Лекин унни у нархда сотишгани йўқ”, - деди.

Маълум бўлишича, Марғилон шаҳрининг 2000 йиллигига бағишланган тантаналар 7 сентябрь куни бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG