Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:01

Страсбург суди Яшин Жўраевнинг экстрадициясини тўхтатди


Страсбургдаги Европа инсон ҳуқуқлари суди Ўзбекистон фуқароси Яшин Жўраевнинг Россиядан ўз ватанига экстрадиция қилиниш жараёнини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди.

Я.Жўраев 26 январь куни Москва шаҳрида ушланган ва ҳозир Мешанск туманининг вақтинчалик тергов изоляторида сақланмоқда.

41 ёшли Яшин Жўраев тақиқланган “Таблиғ” диний ташкилотининг гуруҳини тузиш айби билан 2005 йил январда Тошкент шаҳрининг Собир Раҳимов тумани суди томонидан жаримага тортилган эди. Ҳукм ижро этилгач ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари босими давом этгани сабабли у 2005 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган. Кейинроқ Ўзбекистонда унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Россия Бош прокуратураси 30 август куни Я.Жўраев экстрадициясини бекор қилган. Шунга қарамай, ўтган ҳафтада Москва шаҳрининг Мешанск тумани суди Я.Жўраевни юртига экстрадиция қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиласи Елена Рябинина Россия энди Страсбург суди қарорига бўйсунмай иложи йўқлигини айтади.

“Россия инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги Европа конвенцияси иштирокчиси ва бу конвенция айнан Страсбург суди орқали амалга оширилади. Страсбург суди қарори Европа конвенцияси иштирокчилари учун бирдай тааллуқлидир”, - дейди Е.Рябинина.

Я.Жўраевнинг адвокати Марина Морозова ҳам Мешанск суди қарори ноқонуний эканини таъкидлади.

“Чунки унинг қочқинлик мақомини сўраб берган аризаси ҳали охиригача кўриб чиқилмаган. Шунга қарамай, унинг экстрадиция қилиниши ҳақида аллақачон қарор чиққан. Биз Мещанск тумани суди қарори юзасидан кассация шикояти ëздик. Бу мурожаатимиз Москва шаҳри суди томонидан 6 сентябрь куни кўриб чиқилади”, - деди Марина Морозова.

Страсбург суди қарорига қарамай, Я.Жўраевнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи сақланиб қолмоқда. Чунки илгари Россия ушбу тузилма қарорларини четлаб ўзбек фуқаросини ноқонуний тарзда депортация қилгани маълум. Ўзбекистонлик қочқин Рустам Мўминов ўтган йили Европа инсон ҳуқуқлари судининг уни экстрадиция қилмаслик қарорига зид равишда Ўзбекистонга бериб юборилган эди. Сурхондарё суди Р.Мўминовни “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айблаб 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилган.

“Ўша ҳолатда Бош прокуратура ўнг қўли билан Р.Мўминовнинг Ўзбекистонга топширилишни бекор қилган бўлса, чап қўли билан уни депортация қилиш ҳақида буйруқ берди. Яъни бир томондан Россия халқаро ҳуқуқ меёрларига риоя қилаётгани кўринса, иккинчи томондан Ўзбекистон сўраган одамни бериб юборишнинг бошқа йўллари ҳам борлиги маълум бўлди. Масалан, ўзбек фуқароларининг Россиядан ўғирлаб кетилгани билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар бизга маълум”, - дейди Е.Рябинина.

Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтмаган диний фаолиятнинг барча тури таъқиб этилади. Бунга эса рўйхатдан ўтмаган ташкилотда фаолият кўрсатиш расмий асос сифатида келтирилади. Чунки Ўзбекистонда рўйхатга олинмаган ҳар қандай фаолият ноқонуний ҳисобланади.

“Аслида бу Ўзбекистон ҳам иштирокчиси бўлган фуқароларнинг сиёсий эркинликлари тўғрисидаги халқаро пактга зиддир. Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган ташкилот фаолиятида иштирок этган ҳар қандай одам бугунги кунда жиноий жавобгарликка тортилади, кейин экстремист ва ҳоказо айбловлар қўйилади”, - дейди Е.Рябинина.

Аввалроқ Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази сўнгги икки йил мобайнида 56 ўзбек қочқини Қозоғистондан Ўзбекистонга ноқонуний бериб юборилиши юзасидан тергов бошлашга чақирган эди. Ташкилотнинг бундай чақириғига Қозоғистон миллий хавфсизлик идораси расмийсининг ўзбек қочқинлари ватанига топширилгани ҳақда айтган баёноти туртки бўлганди.

Е.Рябинина бу масала юзасидан қозоқ расмийларидан ҳунузгача жавоб бўлмаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG