Линклар

Сергей Лавровнинг “қизил чизиғи”

  • Сарвар Усмон

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг 3 сентябрь куни Москва давлат халқаро муносабатлар институти талабалари ва профессор-ўқитувчилари олдидаги чиқишидан совет даври ҳиди уфуриб туради.

Москва дипломатияда Вашингтон билан тенг вазнли эканига урғу берган С.Лавров АҚШ ва Ғарбий Европа ўртасидаги тафовутлар ҳақида гапириб, кўпқутбли дунёда регионал гуруҳларнинг роли алоҳида эканини таъкидлади.

У Россия демократия ва бозор иқтисодиёти қадриятларини ҳурмат қилишини айтди, аммо қонун устиворлиги тўғрисида индамади. Шу билан бирга, Россия ўз тарихидан кўп сабоқлар чиқариб олгани ва совуқ уруш даври мафкурасига, душманлик кайфиятига қайтмаслигини билдирди.

Атрофдагиларни Россиянинг ўз сиёсатини ўзгартишига ҳаракат қилишдан тийилишга чақирган С.Лавров: “Совуқ уруш тугаши билан биз ички ишларимизни ҳал қилиш ҳамда дунёдаги мавқеимизни мустаҳкамлаш учун тўла эркинликка эга бўлдик. Биз Европа йўлидан, ўзаро ҳурмат асосидаги музокаралар ўтказиш учун шароит яратувчи сиёсий плюрализм маданияти йўлидан боряпмиз. Россияга устозлик қилишга ёки уни камситишга уриниш ана ўша маданият билан қаттиқ зиддиятга киришади”, - деди.

У Россия ўзининг дунёдаги “мувозанатлаштирувчи ролини бажаравериши”, ҳеч қачон бировга қарши ҳеч қандай “муқаддас уюшма” аъзоси бўлмаслигини қўшимча қилди.

Аслида С.Лавровни Россия-АҚШ муносабатлари кўпроқ ташвишга солаётган кўринади. У “стратегик барқарорликни сақлаб туриш учун (АҚШ ва Россия) биргаликда масъул” эканини айтар экан, глобаллашув ижобий маънодаги ўзаро бўйинсуниш асосидаги муносабатларни шакллантиришга мажбур қилганини таъкидлади.

“Халқаро ишларда мувозанат формуласи биттадир: бу тинч қўшничилик, халқаро ҳуқуқ меъёрларига таяниш, коллектив хавфсизлик, зиддиятларни дипломатик йўллар билан ҳал қилиш сиёсатидир”, - деди Сергей Лавров.

Ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Россия АҚШ билан ўзаро рақиб эмаслиги, демак янги совуқ уруш учун асос йўқлигини маълум қилди.

Институтдаги чиқиши чоғида С.Лавров АҚШнинг Шарқий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини жойлаштириш масаласига ҳам тўхталиб, Вашингтон ўзининг бу режасидан воз кечиши кераклигини таъкидлади.

С.Лавров тилга олган яна бир масала Косово муаммосидир.

Ташқи ишлар вазирининг айтишича, сўнгги икки масала Россия учун “қизил чизиқ”дир.

С.Лавров “қизил чизиқ” нималигини тушунтирар экан: “Бу миллий хавфсизлигимиз ёки халқаро ҳуқуқий тартибга реал хавф пайдо бўлди, деганидир”, - деди.
XS
SM
MD
LG