Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:27

Депутат ўзига суиқасд тайёрланганидан огоҳлантирди


Қирғизистон парламенти депутати Давронбек Садирбоев 2002 йилдаги қонли Ахси фожеаси тўғрисидаги ўзи тўплаган маълумотлар ошкор бўлишини истамаган кучлар уни ўлдиришга буюртма берганини эълон қилди.

2002 йил март ойида Ахси тумани аҳолиси депутат Азимбек Бекназаровнинг қамоққа олинишига қарши норозилик намойиши уюштирган эди. Милиция уларга қарши қурол ишлатгани оқибатида олти киши ҳалок бўлганди.

Қирғизистон Бош прокуратураси Ахси фожеасида Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори, айни пайтда парламент депутати Султон Ўрманаевни айбламоқда. Бу айблов нақадар ҳақли эканини аниқлаш мақсадида депутат Д.Садирбоев раҳбарлигида ишчи гуруҳ ташкил этилган эди. Бу гуруҳ ўтказган тергов натижалари паламентнинг 14 сентябрь кунги мажлисида эълон қилиниши, Ахси воқеасида норозиларга қарши ўқ отишга буйруқ берган одамларнинг исмлари айтилиши кутилаётганди.

Д.Садирбоев бу ҳақдаги билдирувдан сўнг ҳаёти хавф остида қолганини билдирди.

“Кеча тунги соат бир яримларда уйимга мен умуман танимайдиган одамлар кириб келди. Улар менинг ҳаётимга суиқасд тайёрланаётгани, жиноят олами раҳбарларига мени ўлдириш учун пул таклиф қилинганини айтди. Мен ўлимдан қўрқмайман ва ўлдирилишим учун пул тўлашга тайёр турган одамларга айтиб қўймоқчиман: мен ўлдирилсам ҳам Ахси бўйича тергов ҳисоботи ҳар бир қирғиз хонадонига етиб боради”, - деди Д.Садирбоев.

Депутат Ахси воқеаси айбдорлари номи ҳисоботда кўрсатилмаслиги учун унга 1 миллион доллар миқдорида пора ҳам таклиф этилганини таъкидлади.

Депутат Темир Сариев ўз ҳамкасбининг бундай баёнотини жиддий қабул қилиш кераклигини айтади. Чунки 2005-2006 йилларда Қирғизистонда ўндан ортиқ таниқли сиёсат ва жамоат арбоби буюртма қотиллик қурбони бўлди. Ёлланма қотил қўлидан ўлганларнинг уч нафари парламент депутатларидир.

“Ҳатто бу масала Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилиниши лозим. Чунки бунгача ёш депутатлардан бир қанчаси отилганди, энди кекса депутатларимизга навбат келганга ўхшайди. Миллий хавфсизлик хизмати бу иш билан шуғулланиши керак”, - деди Темир Сариев.

Айни пайтда парламент Д.Садирбоев хавфсизлиги Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати томонидан кафолатланиши тўғрисида қарор ҳам қабул қилди. Парламент раиси ўринбосари Қувоничбек Исабеков депутат хавфсизлигини таъминлашга кетган харажат парламент ҳисобидан тўлаб берилишини маълум қилди.

Қирғиз матбуотидаги хабарларга кўра, Д.Садирбоев раҳбарлигидаги парламент тергов гуруҳи мамлакатнинг собиқ президенти Асқар Ақаев ва амалдаги давлат Қурманбек Бақиевни Ахси фожеасининг асосий айбдорлари сифатида эълон қилиши мумкин. Қ.Бақиев бу фожеа содир бўлган пайтда Қирғизистон бош вазири эди. Бу воқеадан сўнг у бош вазир лавозимидан истеъфо берганди.
XS
SM
MD
LG