Линклар

Виза тартиби йўқ, лекин чегарадан қонуний ўтиш азоб


Ўзбек-қозоқ чегарасидан ноқонуний ўтиш чоғида қозоғистонлик чегарачи офицернинг гаровга олиниши воқеаси сабабчиларидан бўлган ўзбекистонлик 57 муҳожир ўз ватанига қайтарилди.

Ушбу воқеа чегарадаги Сариоғоч назорат пунктида юз берди. Бу ерда қозоқ чегарачилари ичида ўзбек муҳожирлари бўлган автобусни тўхтатди. Лекин ноқонуний муҳожирларни чегарадан ўтказиб қўйиш билан шуғулланувчи гуруҳ чегарачилар ҳаракатига тўсқинлик қилишга уринди. Улар иккита “Мерседес” машинасида автобусни кузатиб келаётган эди.

Жанубий Қозоғистон чегара бошқармаси раҳбари ўринбосари Эрик Росляковнинг билдиришича, “Мерседес”дан тушиб келган кишилардан бири автобус ҳайдовчиси ўрнига ўтирган, иккинчиси эса текширувга киришаётган чегарачини автобус ичига итариб киритган. Шундан сўнг ичида муҳожирлар бўлган автобус ҳаракатга келган. Қолган чегарачилар автобусни тўхтатиш учун шиналарига қарата ўқ узишга мажбур бўлган. Аммо ўқдан ҳеч кимга зарар етмаган.

Э.Росляков ноқонуний ўзбек муҳожирлари шу куннинг ўзида Ўзбекистон томонига топширилганини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида виза тартиби бўлмаса-да, фуқароларни чегарани ноқонуний кесиб ўтишга нима мажбур қиляпти, деган саволга Э.Росляков: “Улар чегарадан қонуний ўтишни, навбатда туришни истамайди”, - дея юзаки жавоб қайтарди.

Аслида ҳам шундайми? “Озодлик” мухбири ўзбек-қозоқ чегарасида бўлиб, вазиятни ўз кўзи билан кузатди.

Ипак йўли постида бир неча юз киши – ёшу қари, аёлу болалар чегарадан ўтиш учун бир-бирига бақирар, ҳақоратлар, бақириб-чақирарди. Маълум бўлишича, кишилар чегарадан ўтиш учун бир неча соат давомида ана шундай шароида навбатда туришга мажбур бўлади. Лекин чегарада бир гуруҳ кишилар борки, пулини тўласангиз, бир неча дақиқалар ичида чегарадан ўтказиб қўяди, лекин ноқонуний...

“Пул берасан, ўтасан, пул бермасанг, тиқилинчда навбатда турасан. Ҳар бир кишидан минг тангадан сўрашяпти. Бизда пул йўқ эди, шунинг учун узоқ навбатда туришга тўғри келди”, - дейди чегарадан бир амаллаб ўтиб олган фуқаролардан бири.
XS
SM
MD
LG