Линклар

“Исломий жиҳод” Ўзбекистонга қанчалик алоқадор?

  • Фаррух Юсуфий

Германия хавфсизлик кучлари мамлакатда йирик террорчилик ҳаракатларини режалаштиришда гумонланган бир неча кишини ҳибсга олгани Ўзбекистон номини жаҳон ахборот агентликлари хабарлари сарлавҳаларига чиқарди.

Германия федерал прокурори Моника Ҳармс ҳибсга олинган уч шахс аъзо бўлган “Исломий жиҳод иттифоқи” Ўзбекистон исломий ҳаракатидан ажраб чиққани ва унга Ўзбекистонда асос солинганини айтгани бунга сабаб бўлди.

Прокурор қўлга олинган уч шахсдан иккиси немис фуқароси, бири туркиялик экани, улар, асосан, АҚШнинг Германиядаги иншоотларини нишонга олишни ният қилганини билдирди.

Германия хавфсизлик кучлари таъкидича, агар ният қилинган қўпорувчилик ҳаракатлари амалга ошганда, талафотлар Лондон ва Мадридда амалга оширилган террор ҳаракатларидагидан каттароқ бўлиши мумкин эди.

Хўш, номи Ўзбекистонга боғланаётган “Исломий жиҳод иттифоқи” қандай ташкилот ўзи?

“Исломий жиҳод гуруҳи” номи билан ҳам танилган бу уюшма ҳақидаги маълумотлар матбуотда 2004 йилда Тошкентда рўй берган портлашлардан кейин пайдо бўлди. Ўзбекистон ҳукумати 2004 йил баҳорида Тошкент ва Бухорода 47 кишининг ўлимига сабаб бўлган портлашларни айнан “Исломий жиҳод иттифоқи” амалга оширганини маълум қилди. Воқеалардан бир неча кун ўтиб эса бу гуруҳ портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олиб баёнот ҳам эълон қилди. Ўша йилнинг июли охирида Тошкентда яна портлашлар рўй берди. Бу сафар АҚШ ва Исроил элчихоналари ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратураси бинолари нишонга олинган портлашларни “Исломий жиҳод” ўз зиммасига олди. “Ўзбекистоннинг зулмкор ҳукумати ва унинг АҚШ ва Исроил каби динсиз малайларига қарши курашаётгани”ни айтган бу ташкилот номидан эълон қилинган баёнотларни айнан “Исломий жиҳод” гуруҳи бергани мустақил манбалардан тасдиқлангани йўқ.

2005 йил майда АҚШ “Исломий жиҳод иттифоқи”ни халқаро террор ташкилотлари рўйхатига қўшди.

2005 йил октябрда Буюк Британия парламенти аъзоси Ҳэйзел Блейрс ҳам “Исломий жиҳод” гуруҳини тақиқланган террорчи ташкилотлар рўйхатига киритишни таклиф қилади. Парламентнинг бир неча аъзоси Блэйрс хоним “Исломий жиҳод” гуруҳи ҳақида тақдим этган маълумотлар борасида кескин шубҳа билдиради.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крэйг Мюррей парламентдаги тортишувларга изоҳ бериб, “Исломий жиҳод иттифоқи” амалга оширган хужумлар ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати турганини таъкидлайди. Бу ҳақдаги мақоласида Крэйг Мюррей Тошкентдаги портлашлар рўй берган жойда бўлгани ва Ўзбекистон расмийлари эълон қилган маълумотлар у ўз кўзи билан кўрган манзарага зид бўлганини айтади.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Террорчиликнинг олдини олиш институти маълумотига кўра, “Исломий жиҳод” гуруҳи 2004 йилги Тошкент портлашларидан кейин ҳеч қандай террор ҳаракати учун масъулиятни ўз зиммасига олган эмас.

Лондондаги Жейн ахборот гуруҳининг хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчиси Мэтью Климентс Германияда ҳисбга олинган уч шахснинг Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқаси бўлгани ҳақидаги хабарларга шубҳа билан қарайди.

“Бу ишларга ЎИҲ аралашгани ҳақидаги иддаолар бироз ғалати туюлди менга. Чунки ЎИҲ ҳозир Покистонда ҳаракат қилаётгани барчага маълум. Шунинг учун уларнинг бошқа давлатлардаги гуруҳларга алоқаси борлигини айтиш бироз ғалати. ЎИҲ ёки унга алоқаси бўлган бошқа гуруҳларнинг халқаро майдонда ҳаракат қилганига оид хабарлар ҳозирга қадар қайд этилмаган. Улар ўз ҳаракатларини, асосан, Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистонда амалга ошириб келган”, - дейди М.Климентс.

Унинг қўшимча қилишича, Германия расмийлари тақдим этаётган маълумотларда ҳибсга олинган гуруҳ аъзоларининг Ўзбекистондаги жангари ҳаракат билан алоқасига ишора қилувчи тафсилотлар етишмайди.

Германиядаги Жорж Маршал номидаги хавфсизлик масалаларини ўрганиш маркази профессори, полковник Ник Пратт эса бунинг ҳеч қандай ғалати жойи йўқлигини айтади.

“Дунёнинг барча минтақаларида уларнинг одамлари бор. Бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ. Бу гуруҳнинг ЎИҲдан ажралиб чиққани уларнинг дунёнинг бошқа давлатларида ҳаракат қилишини инкор қилмайди. Бу одамлар “Ал-Қоида”га алоқаси бўлган ва жаҳон бўйлаб тармоқлашиб кетган ҳаракат аъзоларидир”, - дейди Ник Пратт.
XS
SM
MD
LG