Линклар

logo-print

Қозонда мусулмонлар кинофестивали очилди

  • Ҳасанжон

6 сентябрь куни Татаристон пойтахти Қозонда “Олтин минбар” учинчи йиллик анъанавий кинофестивали очилди. Унда мусулмон давлатлардан келган актёрлар ва режиссёрлар қатнашмоқда.

Мазкур кинофестиваль ташаббусчиси Россия Муфтийлар кенгаши раиси Равил Ғайнуддин ҳисобланади. Фильмлар орқали мусулмонлар ҳақида оммага салбий маълумотлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2005 йилда у мусулмонлар кинофестивалини уюштириш ташаббуси билан чиққан эди. Татаристон президенти Минтемир Шаймиев бу ташаббусни дарҳол қўллаб-қувватлаганидан кейин ўша йили мусулмонларнинг дастлабки кинофестивали уюштирилди.

Етти кун давом этадиган кинофестивалда қисқа ва тўла метражли бадиий, шунингдек, ҳужжатли фильмлар ва телерепортажлар намойиш этилади. Қозон кинофестивалида Босния-Герцеговина, Жазоир, Эрон, Ироқ, Тунис, Миср, Ҳиндистон, Қувайт, жами 46 давлатнинг 200 та фильми кўрсатилади.

“Фестивалда бадиийлик ва фильмнинг сифати асосий меъзон ҳисобланади. Шунингдек, фильмда мусулмон маданияти, албатта, акс этиши керак” - дейди кинофестиваль матбуот вакиласи Елена Крупнова.

Қозон кинофестивалига тақдим этиладиган фильмлар тинчлик ва динлараро мулоқотни тарғиб қилиши лозим. Е.Крупнова бу кинофестиваль кўпчиликка таниш бўлмаган филмларни кўриш имкониятини яратишини билдирди.

“Фестивалнинг мақсади россиялик томошабин ва кинематографларни мусулмон дунёси фильмлари билан таништиришдан иборат. Чунки бу фильмлар Россияда деярли намойиш этилмаган. Жамоатчилик мусулмон дунёси фильмлари билан таниш эмас. Россияда асосий динлар ҳисобланган насронийлик ва ислом маданияти бир-бири билан боғланган. Фестивалда мана шу боғлиқлик уйғун бўлиши устида иш олиб борилмоқда”, - деди Е.Крупнова.

Татаристон маданият вазири Зиле Валиева Қозон кинофестивалида томошабинлар дунёнинг энг машҳур кинофестивалларида томоша қила олмайдиган фильмларни кўриш имкониятига эга бўлишини таъкидлади.

“Олтин минбар” кинофестивали ҳам мусулмон, ҳам мусулмон бўлмаганлар томонидан илиқ қарши олинди. Жорий йилда тадбир бюджети уч баробар кўпайиб, 975 минг АҚШ долларини ташкил этди.

Россия ва хорижлик таниқли актёрлар, жумладан, франциялик Катрин Деневнинг Қозонга боргани “Олтин минбар” кинофестивалининг нуфузи йил сайин ортиб бораётганидан далолат бериши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG