Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:36

Бир модда ўзгарган билан сайлов адолатли ўтиб қолармикин...


Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини қўйиш истагини билдираётган уч фуқаро мамлакатнинг сайловларга оид қонунларидаги қарама-қаршиликлар зудлик билан бартараф этилишини талаб қилмоқда.

Президентликка номзодликка номзодлар Жаҳонгир Шосалимов, Абдулло Тожибой ўғли ва Аҳтам Шоймардонов “Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддаси конституцияда белгилаб қўйилган меъёрларга ҳамда “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунга зид эканини билдираётир.

Улар ана ўша зиддиятни бартараф этишни сўраб, қонун чиқариш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга бир қатор институтларга, жумладан, Олий Мажлис палаталари раислари, Олий суд раиси ва бошқаларга мурожаат қилди.

Энг аввало, масала моҳияти тўғрисида икки оғиз. Ўзбекистон конституцияси ва сайловга оид бошқа қонунларини моддама-модда ўқишга вақт сарфламай, ҳамма биладиган энг муҳим нарсага тўхталамиз: сайловчи ўз овозини яширин беришга ҳақли. Овоз бериш учун ажратиладиган кабинанинг тўрт томони ёпиб қўйилиши шундан.

Бироқ “Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддаси талабига биноан президентликка номзодни сайловчиларнинг ташаббус гуруҳи қўллаб-қувватлаши, президентликка номзод мамлакат сайловчиларининг 5 фоизи имзосини йиғиб, сайлов комиссиясига тақдим этиши керак.

Ж.Шосалимов, А.Тожибой ўғли ва А.Шоймардонов фикрича, бу талаб овознинг яширинлиги принципига зиддир ва шунинг учун у бекор қилиниши керак.

Ўзбекистон президентлигига номзодликка яна бир номзод, профессор Суҳбат Абдуллаев ҳам шу борада фикр билдирар экан: “Президент сайлови яширин бўладиган бўлса, хўш нима учун номзод ўзининг сайловчиларини мухолифат ёки ҳукумат учун ошкор қилиб, бировларга кўрсатиб бериши керак?!” дейди.

Лекин Ўзбекистон Конституциявий судининг айнан шу масала юзасидан Ж.Шосалимов, А.Тожибой ўғли ва А.Шоймардоновга 21 август куни берган жавобига қараганда, қонунларда ҳеч қандай зиддият йўқ.

Хўш, ким ҳақ?

Бу саволни сайлов тўғрисидаги қонунларни мукаммал биладиган мухолифатчи, “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раисининг Фарғона водийси бўйича ўринбосари Ҳамдам Сулаймонга бердик. (Экспертликка атайлаб мухолифатчини чақирдик. Қолаверса, ҳукумат позициясини ёқлайдиган мутахассислар матбуотдан қўрқади).

Мухолифатчи эксперт фикрича, Ўзбекистоннинг сайловга оид қонунларида ҳеч қандай зиддият йўқ. Улар демократик меъёрлар даражасидадир.

“24-моддада сиёсий партиялар ёки сайлаш-сайланиш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари ташаббус гуруҳи тузиб президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга, деб ёзиб қўйилган. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг сайлов тўғрисидаги қонунлари ўта демократик ёзилган, дейиш мумкин”, - деди Ҳ.Сулаймон.

Демак, қонунларда зиддият йўқ.

Шуни айтиш керакки, президентликка номзодлардан сайловчилар муайян қисмининг қўллаб-қувватлаш маъносида қўйиб берган имзоларини талаб қилиш тажрибаси бошқа давлатларда ҳам бор. Сайловга номзод сифатида кирмоқчи бўлганлар масъулиятини уйғотиш учун ҳам шундай қилинади.

Профессор Суҳбат Абдуллаев “Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасини мутлақо бекор қилиш эмас, балки ундаги талабни бироз юмшатиш тарафдори.

Аввалги қонун талаби бўйича президентликка номзод сайловчилардан бир фоизининг имзосини тўплаши кифоя қиларди. Эндиликда эса бу кўрсаткич беш фоизга чиқарилган. Яъни президентликка номзод 700 мингдан зиёд сайловчи имзосини йиғиши лозим.

Шунинг учун, дейди С.Абдуллаев, шахсан мен ўша меъёрнинг пасайтирилиши тарафдориман.

Юқорида тилга олинган қонунга ўзгартишни талаб қилаётган учовлондан бири Абдулла Тожибой ўғли “Озодлик” мухбири билан суҳбатда агар 24-модда бекор қилинса, “албатта, демократик сайлов ўтказиш мумкин”лигини маълум қилди.

Кўпчиликнинг бу гапларига ишонгиси келади, аммо...
XS
SM
MD
LG