Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:35

Қашаған Италия ширкатини ўз домига тортмоқда


Қозоғистон бош вазири Карим Масимов Қашаған нефть конини ишга тушириш кечиктирилаётганидан жиддий ташвиш билдириб, ваъдабозлик қилиб келаётган чет элликларни қаттиқ огоҳлантирди.

К.Масимов Италиянинг Eni ширкати етакчилигидаги консорциумнинг ишни охирига етказа олишига шубҳа билан қараётганини таъкидлади.

Каспий денгизининг Қозоғистонга қарашли қисмида жойлашган Қашаған нефть кони дунё бўйлаб 1960 йиллардан буён очилган конларнинг энг йириги ҳисобланади. Eni Италиянинг Agip нефть ширкати филиалидир.

Eni консорциуми Қашағанда нефть қазиб чиқаришни 2005 йилда бошлашга ваъда берган эди. Лекин иш вақтида бошланмади ва ваъда қилинган муддат бир неча марта кўчирилди. Сўнгги бор эса Eni ишлаб чиқаришни 2010 йилнинг иккинчи ярмида бошлаяжагини августнинг бошида эълон қилди. Боз устига, лойиҳа дастлаб эълон қилинганидай 57 эмас, балки 136 миллиард долларга тушишини маълум қилди.

Қозоғистон ҳукумати ўтган ойда Қашағандаги ишларни атроф-муҳитга зарар етказиляпти, қолаверса, ишлаб чиқаришни бошлаш учун сарф-харажатлар тобора ортиб кетяпти, деб тўхтатиб қўйган эди.

Eni консорциумининг ишни белгиланган муддат ва мўлжалланган маблағ доирасида амалга ошира олишига шубҳа билан қараётган ҳукумат мазкур лойиҳада Қозоғистоннинг KazMunaiGaz давлат нефть ширкати улуши кўпайтирилишини истамоқда. Айни пайтда KazMunaiGaz консорциумда 8,3 фоиз улушга эга, холос.

Карим Масимов KazMunaiGaz Қашағанда тенг ҳуқуқли ҳамкор бўлиши лозимлигини уқтирар экан: “Агар Eni ширкати ҳукумат талабларига рози бўлмаса, бизнинг бошқа режамиз ҳам борки, унинг мазмуни тўғрисида ҳозирча индамай тураман”, - деди.

Қозоғистон ҳукумати Eni ширкатига ишлаб чиқаришни кечиктиргани учун 10 миллиард доллар ҳажмида жарима ҳам солмоқчи.

“Eni ширкати билан музокаралар давом этмоқда ва муаммоларнинг тезда ҳал бўлишига умидимиз бор. Лекин Қозоғистон қонунларини бузганлар ким бўлишидан қатъи назар қонунларимиз олдида тўла жавоб беради”, - деди К.Масимов.
XS
SM
MD
LG