Линклар

“Чимкент пикчерз” намойиш этади


Жанубий Қозоғистондаги “Чимкент пикчерз” хусусий кинокомпанияси Голливуд киноусталари билан ҳамкорликда афсонавий Султон Бейбарс ҳақида йирик бюджетли бадиий фильм ишланаётганини маълум қилди.

Таниқли киноактёрлар Керри Тугава ва Арман Ассантэ, постановкачи рассом Куртис Петерсон жалб қилинган мазкур тарихий фильмнинг бюджети 30 миллион доллар бўлади.

Фильм сценарийси муаллифи Ермек Турсуновнинг билдиришича, фильм тарихий воқеа асосида тасвирга олинаётгани сабабли унга маҳаллий тарихчи маслаҳатчилар ҳам таклиф этилиши мумкин. Лекин асосий ролларни хорижий актёрлар ижро этади.

“Бейбарс” фильми бўйича ишлар бошланганига ҳали ҳеч вақт ўтмай, унинг салбий тақдирини башорат қилаётганлар топилмоқда. Қозоғистон ҳукумати 40 миллион доллар сарфлаб, хорижий актёрлар иштирокида суратга олган “Кўчманчи” фильмининг мувафақиятсизлиги мана шу башоратларга асос бўлаётир.

“Қозоқфильм” кинокомпанияси продюссери Ўлжабой Мусабеков афсонавий Султон Бейбарс ҳақида илгари ҳам бир неча фильм суратга олингани, бироқ бирортаси на молиявий, на бошқа жиҳатдан муваффақият қозонмаганини эслатди. Шунга қарамай, у ҳозир кўплаб хориж киноусталари қозоғистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда ишлашни маъқул кўраётганини таъкидлади.

“Бунинг учун катта маблағ ҳам сарфланяпти. Менимча, британиялик қизиқчи Боратнинг Қозоғистон ҳақида суратга олган фильми аслида қандайдир антиреклама бўлса-да, шу билан бирга, биз учун каттагина реклама вазифасини ҳам ўтади”, - дейди Ў.Мусабеков.

Қозоғистондаги йирик PR компаниялари эса хориж актёрларини жалб қилган ҳолда йирик бюджетли фильмларни суратга олиш мамлакат имижи учун жуда муҳимлигини билдираётир.

“Қозоғистон имижини ҳозир давлат раҳбари ҳамда хорижга турли сабаблар билан чиқаётган фуқароларимиз яратяпти. Кино эса Қозоғистон ҳақида халқаро майдонда муайян тушунча шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. У одамлар онгига оммавий таъсир ўтказиши мумкин бўлган энг самарали воситадир”, - дейди Олмаотадаги йирик “PR-менеджемент” компанияси ходимаси Людмила Полиенко.
XS
SM
MD
LG