Линклар

logo-print

Тошкентда таниқли режиссёр ўлдирилди

  • Абдулла Искандар

http://gdb.rferl.org/F23000D8-A89C-432F-94D2-99F08DFDE16B_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/F23000D8-A89C-432F-94D2-99F08DFDE16B_mw800_mh600.jpg Дунëга танилган ўзбек театр арбоби, “Илҳом” театри асосчиси ва раҳбари, режиссёр Марк Вайль Тошкентдаги ўз уйи олдида 6 сентябрь куни ҳозирча номаълум қотиллар томонидан пичоқлаб ўлдирилди.

“Илҳом” театри бадиий раҳбари Оксана Хрипуннинг “Озодлик” мухбирига айтишича, қотиллик тунда, Марк Вайль кечки соат 11.30 ларда репетициядан қайтаётган пайтда содир этилган.

“Қотиллар Маркни яшайдиган уйи кираверишида олдиндан кутиб турган. Уйнинг даҳлизида аввалига бошига мушт туширилган, сўнгра эса қорнига пичоқ урилган. Шовқинни эшитган қўшнилар тез ëрдам чақирган. Тез ëрдам келганида ҳали Маркнинг ҳуши жойида бўлган. У Тошкентдаги 16-шифохонада жарроҳлик амалиëти пайтида оламдан ўтди”, - деди О.Хрипун.

Марк Вайль “Илҳом” театрининг 32-мавсуми очилишидан бир кун олдин ўлдирилди.

“Бугун биз режиссёрнинг сўнгги васиятига амал қилиб, “Илҳом” театрининг 32-мавсумини очамиз. Юнон адиби Эсҳилнинг “Орестея” спектаклини Марк Вайлнинг шогирдлари қалбларидаги ғуссага қарамасдан ижро қилади”, - дейди Оксана Хрипун.

“Нима бўлишидан қатъи назар, мен эртага янги театр мавсумини очаман...” Бу Марк Вайлнинг ўлим олдидаги сўнгги сўзлари эди.

Лондондаги таҳлилчи Алишер Илҳомов Марк Вайлнинг ўлимини москвалик журналист Анна Политковскаянинг ўлдирилишига қиëслаш мумкинлигини айтади.

“Марк Вайль Ўзбекистон маданиятини Ғарб дунëси билан боғлаб турган сўнгги ришталардан бири эди. Марк Вайлнинг ўлдирилиши россиялик журналист ва сиëсий арбоблар Политковская, Старавойтоваларнинг ҳаëти ва фаолиятига нуқта қўйган буюртма қотилликларга ўхшаб кетади. Марк Вайль фаолиятининг кўлами ва сиëсий аҳамияти уларникига ўхшаб кетар эди. У бутун бир ўзбеклар авлоди дунëқарашини шакллантиришга хизмат қилди”, - деди А.Илҳомов.

Бу фикрларни ўзбекистонлик рассом Даврон Йўлдошев ҳам тасдиқлар экан, мудҳиш қотилик ҳақидаги хабардан ўзига кела олмаганини таъкидлайди.

“Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида биз Марк Вайль саҳналаштирган спектаклларни “Илҳом” театрига бориб томоша қилар эдик. Бу театр биз учун дунë санъатига дарча эди. Шу билан бирга, театрда ўзбекча спектакллар ҳам қўйиларди. Шароф Бошбековнинг “Тикансиз типратиканлар” асари ëлғон ва лўттибоз сиëсатга қарши тура олмаган ҳалимдай юмшоқ зиëлилар ҳақида эди. “Илҳом” театри бизнинг қалбимизга совет пайтидаëқ исëн учқунларини солганди”, - дейди Д.Йўлдошев.

Ҳозир Москвада ижод қилаëтган рассом Лола Сайфий Марк Вайлни ўзининг устози санайди. Лола Сайфий ëрқин талантларни ўзига сингдира олмаëтган Ўзбекистондаги манфур муҳит ҳақида гапиради.

“Нега қисқа давр ичида Ўзбекистонда талантли кишилар тез-тез ўлдирилмоқда, деган саволга жавоб топа олмайман. Яқиндагина режиссёр Скан Мулти Дархондаги уйида пичоқлаб кетилган эди. Қўшиқчи Лайло ҳам пичоқланганди. Маданият арбоблари эзгулик элчилари-ку! Улар ҳеч кимга ëмонлик тиламайди-ку! Элчига ўлим йўқ, деган гап ҳам бор”, - деди Лола Сайфий.

6 сентябрь куни Тошкентда ўлдирилган санъат арбоби Марк Вайль тириклигидаëқ дунëвий эътирофга ноил бўлган эди. Марҳум ижодкор Москва, Берлин, Лондон, Париж каби дунëнинг бир қанча йирик шаҳарлари саҳналарида ўз спектаклларини қўйишга муваффақ бўлганди. Унинг “Мешчанлар тўйи”, “Кломадеус”, “Бахтиëр қашшоқлар” каби спектакллари Австрия, Нидерландия, собиқ Югославия, Ирландия, Норвегия, Германия ва АҚШда бўлиб ўтган халқаро фестивалларда намойиш этилган.

Марк Вайль суратга олган “Аср охири. Тошкент” номли ҳужжатли фильм бир қанча Ғарб давлатларида бўлиб ўтган халқаро фестивалларда совринга сазовор бўлган.

Марк Вайлнинг Тошкент ва Сиэтл (АҚШ)да қўйган “Тортилья-Флэт маҳалласи” спектакли Ўзбекистон театрлари фестивалида энг яхши режиссёрлик асари учун мукофотига лойиқ топилган.

Марҳум Марк Вайль спектаклларида кичкина одамнинг улкан изтироблари акс этар эди.

7 сентябрь оқшомида “Илҳом” театри тарихида илк бор режиссёр иштирокисиз қўйиладиган спектакль изтироб чўққиси бўлиши кутилмоқда.

“Марк Вайль жисман ўлгани билан у бошлаган иш давом этаверади”, - деди театр бадиий раҳбари Оксана Хрипун кўзида ëш билан.

Тошкентлик марҳум шоир Рауф Парфи айтганидек, “Изтиробдан ўлмас шоирнинг қалби, шоирнинг онаси изтироб ахир”.
XS
SM
MD
LG