Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:03

Ҳиротда қуроллар яширилган катта омбор топилди


Афғонистон ғарбида жойлашган Ҳирот вилояти полицияси Ғуриён туманида Россия, Эрон ва Хитойда ишлаб чиқарилган 10 тонна қурол-аслаҳа яширилган йирик омборни топди.

Омборда миналар, гранатамётлар, автоматлар, минамёт ва катта калибрлари тўп снарядлари яширилган экан. Қуроллар орасида яп-янгилари ҳам, ишлатилганлари ҳам, занглаб кетганлари ҳам бор.

Афғонистон ички ишлар вазири ўринбосари Мунир Мангалнинг “Озод Афғонистон” радиосига айтишича, яширин омбор ҳақидаги маълумот маҳаллий фуқаролардан олинган.

“Топилган қурол-аслаҳаларга баҳо бериш учун вақт керак бўлади. Мутахассислар гуруҳи ҳозир шу масала устида ишлаяпти. Уларнинг хулосаси яқин фурсатда эълон қилинади”, - деди М.Мангал.

Афғонистон миллий армиясининг Ҳиротдаги олтинчи бригадаси қўмондони генерал Раҳматуллоҳ Сафайнинг “Озод Афғонистон” радиосига айтишича, мазкур қуроллар Афғонистон ва Эрон ҳукуматлари ўртасидаги муносабатга путур етказишни мақсад қилган “ғаразгўй гуруҳлар” томонидан Ҳиротга яширинча олиб келинган.

Бундан аввал ҳам Ҳирот вилоятида толибларга алоқадор гуруҳлар томонидан Эронда ишлаб чиқарилган ва Афғонистонга олиб келинган оз сонли мина ва қуроллар топилган эди.

Генерал Р.Сафай Эрон ҳукуматини толибларни миналар билан таъминлаётганликда айблади. Бироқ Теҳрон расмийлари толибларга қурол-аслаҳа етказиб бераётгани ҳақидаги иддаоларни рад этмоқда.

Ҳиротдан топилган Эронда ишлаб чиқарилган қуроллар Афғонистонга Теҳрон ҳукумати билган ҳолда олиб келинганми ёки уни жиноий гуруҳлар яширинча олиб келганми, Афғонистон ва АҚШ расмийлари буни аниқлашнинг уддасидан чиқа олмаган.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, инглиз ҳарбийлари Афғонистон жанубидаги Ҳилманд вилоятида жангарилардан Хитойда ишлаб чиқарилган ракеталар ва самолётларга қарши ишлатиладиган қуролларни тортиб олган. Хитой расмийлари бу қуроллар қандай қилиб толиблар қўлига тушиб қолгани юзасидан текширув ўтказилаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG