Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:16

Салим Собиров гапларига ишонса бўладими?


Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси расмийларидан бири полковник Салимжон Собиров мамлакат маҳбуслар сони камлиги жиҳатдан МДҲ аъзолари орасида энг яхши кўрсаткичга эга эканини эълон қилди.

“Интерфакс” мухбирининг С.Собиров сўзларига таяниб ёзишича, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар 100 минг кишига 200 маҳбус тўғри келади ва бу МДҲда энг паст кўрсаткичдир.

Аммо “Озодлик” мухбири С.Собировнинг ўзидан бу маълумотларни тасдиқлата олмади. Жазони ижро этиш бош бошқармаси расмийларидан бири бу ҳақдаги маълумотни юқорининг рухсатисиз бера олмаслигини маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари ва журналистлар айтганлари эса ўзбек расмийлари маълумотларининг тамомила тескарисини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раиси Суръат Икромов сўзларига кўра, мамлакатда маҳбуслар сони 80 мингга яқин ва биргина диний ва сиёсий сабабларга кўра қамалганлар сони етти мингдан ортади. Қолаверса, ўзбек қамоқхоналарида қийноқлар одатий ҳол ва кўп ҳолларда шу қийноқлар оқибатида маҳбуслар ҳаётдан кўз юммоқда.

Саккиз йилдан бери ўғли қамоқхонада ўтирган Клара Олимова ҳам буни тасдиқлайди.

“Охирги марта борганимда ўғлим қамоқхонада унга жуда қўпол муносабатда бўлинаётгани, айрим маҳбуслар таҳқирлашга дош бера олмай ўзини осиб қўйгани ҳақида гапирган эди”, - дейди Клара Олимова.

Халқаро қизил хоч ташкилоти Ўзбекистон қамоқхоналарида текшириш ўтказиш учун уч йилдан бери ҳукуматдан рухсат ололмай келади.

“Биз ҳам маҳбуслар сони ҳақида ҳукумат тақдим этган рақамларга эгамиз. Бизда буни текшириш имконияти йўқ. Чунки қамоқхоналарни текширишга рухсат олиш борасида ҳеч қандай силжиш йўқ”, - дейди ташкилотнинг Тошкентдаги вакили Пьер-Эммануэл Дюкруйэ.

Аммо ташкилот Ўзбекистон ҳукумати қамоқхоналарни текширишга рухсат беришига катта ишонч билан қарамоқда. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўтган йили Европа Иттифоқи расмийларига шуни ваъда қилган эди.

“Муҳокамалар давом этяпти. Биз Жазони ижро этиш бош бошқармасига маҳбуслар шароитини яхшилаш учун қўлимиздан келган ёрдамни беришга тайёрмиз”, - дейди Дюкруйэ.

Аввалроқ Қорақалпоғистоннинг Жаслиқ посёлкасида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар учун махсус қамоқхона қурилаётгани ҳамда Тошкентнинг Юнусобод мавзесида ҳам янги қамоқхона қад кўтараётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик журналист, мамлакат қамоқхоналаридаги вазият ҳақида бир неча мақолалар эълон қилган Тўлқин Қораев фикрича, Ўзбекистонда янги қамоқхоналар қуришга киришилгани Жазони ижро этиш бош бошқармаси расмийсининг маҳбуслар сони камаяётгани ҳақидаги баёнотини шубҳа остига қўяди.

“Умуман Ўзбекистоннинг ўзини катта қамоқхона, деб баҳолаган сиёсатчилар ҳам бор. Ўзбекистонда қамоқхоналарга эҳтиёж бор экан, демак маҳбуслар сони камаяётгани йўқ”, - дейди Т.Қораев.

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен 2002 йил кузда Жаслиқ қамоқхонасини келиб кўргач, уни зудликда ёпишни тавсия қилган эди. Аммо бу тавсия ҳалигача қабул қилингани йўқ. Аксинча, бу ерда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар учун янги муассаса қуриляпти.
XS
SM
MD
LG