Линклар

Европада Косово масаласида якдил сиёсат йўқ

  • Ҳасанжон

Португалияда йиғилган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Косово муаммосини ҳал этиш учун тузилманинг муштарак сиёсатини ишлаб чиқиш борасида музокараларни давом эттирмоқда.

ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана ва Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер ЕИ давлатлари Косово масаласида якдил эмаслигини тан олди.

“Озод Европа/Озодлик” радиосининг Болқон давлатлари бўйича таҳлилчиси Партик Мур Косово муаммосини ҳал этишга алоқадор давлатларнинг манфаатлари турлича бўлгани сабабли тузилма ичида бу масалада якдиллик йўқ эканини таъкидлади.

“Масалан, Буюк Британия ҳамда Германия ҳукуматидаги айрим гуруҳлар АҚШ каби Марти Ахтисаарининг Косовога шартли мустақиллик беришни кўзда тутган режасини қўллаб-қувватлаш керак, деган фикрда”, - дейди таҳлилчи.

БМТнинг Косово бўйича вакили Марти Ахтисаари режасида расман Сербия таркибида бўлган Косово албанларига чекланган мустақиллик берилиши назарда тутилган. Аммо бу режа амалга ошгани йўқ.

Аксар аҳолиси албанлар бўлган Косово ҳукумати БМТ воситачилигида 10 декабргача давом этадиган музокаралар натижасиз тугаса, мустақиллик эълон қилинишини айтган. Сербия бу мустақилликни тан олмаслигини билдирган. БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россия ҳам Сербия позициясини қўллаб-қувватлаётир.

Патрик Мур фикрича, ЕИнинг айрим давлатлари ўз ҳудудида яшовчи кам сонли халқлар ўрнак олиши мумкинлигидан хавотирланиб, Косовога мустақиллик берилишини хоҳламайди.

“Словакия ва Руминия ўз ҳудудида яшовчи этник можорлардан, Испания эса Баск вилояти ёки Каталония ўз мустақиллигини талаб қилиши мумкинлигидан хавотирда ...”, - деди Патрик Мур.

Сербия ва Косова расмийларининг навбатдаги сўзлашувлари 28 сентябрга белгиланган. Икки томон билан учрашувлар ўтказаётган халқаро ҳамжамият вакиллари музокараларда олдинга силжиш деярли бўлмагани ҳақида гапирмоқда.

ЕИ ташқи ишлар вазирларининг Португалиядаги учрашувида Косово муаммосига ечим топиш борасида ўзаро муросага эришилиши ёки эришилмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Бошқа кўплаб халқаро муаммоларни ҳам муҳокама этаётган ЕИ вазирлари Фаластиннинг президент Маҳмуд Аббос бошчилигидаги ҳукуматига бевосита молиявий ёрдам кўрсатишга келишди. Муҳокама этиладиган масалалар кўп бўлгани сабабли Эроннинг ядровий дастури мавзуси ташқи ишлар вазирлари учрашуви кун тартибида киритилмади.
XS
SM
MD
LG