Линклар

logo-print

Қозоқ журналистикаси советча қолипларга қайтмоқда...ми?


Қозоғистонда янги парламент сайлови бўлиб ўтгач, мамлакатда оммавий ахборот воситалари устидан мавжуд назорат янада кучайтирилди. Мамлакат матбуот эркинлигидан жиддий чекинаётгани айтилмоқда.

Қозоғистон журналистлари иттифоқ раиси Саитқози Матаев янги парламент мамлакатда журналистика ривожига тўсқинлик қилаётганини таъкидлаб, журналистларни унинг фаолиятини ёритишга бойкот эълон қилишга чақирди.

Унинг бу баёнотига янги парламент аъзолари Мажлис ва маҳаллий органлар йиғилишларида, суд жараёнида электрон ОАВ вакиллари ва фотомухбирларнинг залдаги иштирокини тақиқлаши сабаб бўлди.

Шунингдек, “Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳам жорий йилда маҳаллий журналистларнинг таъкиб қилиниши, уларни қўрқитиш, дўппослаш, жиноий жавобгарликка тортиш ва ўғирлаш ҳолатлари аввалги йилларга қараганда кўпайганидан ташвиш билдирди.

Жамғарма вакилласи Елена Малаеванинг “Озодлик”ка айтишича, мамлакатда аҳвол йил сайин ёмонлашмоқда. Бу йил 6 журналист профессионал вазифасини бажараётганда ҳалок бўлган, бир журналист ўғирлаб кетилган, 4 журналистга дўқ-пўписа қилинган, 10 мухбирга ҳужум уюштирилган, 3 та телеканал ва бир журнал фаолиятига асоссиз чеклов қўйилган, 4 журналист бесабаб ушланган, 17 журналистнинг профессионал фаолият юритишига тўсқинлик қилинган.

Қозоғистондаги “Закон и правосудие” газетаси журналисти Уралгайши Умаржонова бундан 6 ой муқаддам ўғирлаб кетилганди. Айни пайтда тергов гуруҳи, илгари тахмин қилинганидек, у касбий фаолияти орқасидан эмас, балки шахсий сабабларга кўра йўқолганини билдирмоқда.

“Мухбирлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина сўнгги пайтларда мухолифатдаги журналистларнинг ўзигагина эмас, балки оила аъзолари ва яқинларига ҳам таъқиблар кучаяётганини таъкидлади.

Қозоғистондаги энг йирик мухолифат газетаси – “Свобода слова” бош муҳаррири Гулжон Ергалиеванинг “Озодликка” билдиришича, унинг ва газетанинг етакчи журналистлари орқасидан доимий кузатув мавжуд.

“Яна бир мақола ёзсанг, ҳолингга вой бўлади, деб огоҳлантиришади бизни. Мен билан бирга эрим ва ўғлим ҳам Миллий хавфсизлик қўмитасининг доимий назорати остида. Афсуски, Қозоғистонда мустақил, мухолифатдаги журналистика вакилларига муносабат сўнгги 15 йил ичида ўзгаргани йўқ. Фақатгина ОАВга босим ўтказиш, таъқиб қилишнинг шакли ва услублари ўзгарди, холос”, - деди Г.Ергалиева.

Кузатувчилар қозоқ журналистлари эски советча қолипга қайтаётганидан хавотирларини изҳор этмоқда.
XS
SM
MD
LG