Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:29

Хитой делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи тугади.


Фарруҳ Юсуфий 6-10 сентябр кунлари Хитой делегацияси Ўзбекистон парламенти таклифи билан Тошкентда меҳмон бўлди. Хитой Умумхалқ Мажлиси Доимий қўмитасининг ўринбосари Хе Лули хоним бошчилигидаги делегация Ўзбекистон қонунчилик палатаси раиси Эркин Халилов, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва бошқа расмийлар билан учрашди.

Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бугунги ахволига юқори баҳо берган томонлар, савдо-иқтисодий ҳамда сиёсий алоқаларнинг бундан ҳам ривожланишига умид билдирди, деб ёзади расмий матбуот. Ўзбекистоннинг Хитой билан алоқалари кейинги 3-4 йилда ривожлана бошлади ва айниқса, 2005 йил 13 май воқеаларида расмий Пекин Каримов ҳукуматини қўллаб-қувватлаганидан кейин икки томон ўртасидаги борди-келди қуюқлашиб қолди.

Бир неча ой олдин Ўзбекистондан Хитойгача борадига газ қувурини ётқизиш ҳақида келишиб олинди. Таҳлилчиларга кўра, Хитой Ўзбекистон учун нафақат савдо-иқтисодий алоқалар, балки сиёсий масалаларда ҳам жиддий ҳамкор бўлиши мумкин.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар кейинги 3-4 йил ичида сезиларли даражада ривожланди. Бунга 2004 йилнинг июнида Хитой Халқ Республикаси раиси Ху Цзинтао Руминиядан қайтаётиб, Тошкентда тўхтаб ўтгани туртки бўлди. Хунинг бу ташрифигача икки томонлама муносабатлар асосан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик билан чекланган ва икки томоннинг амалий ҳамкорлик ҳақида айтарли гапи бўлмагани боис, меҳмон ҳам, мезбон ҳам бир-бирига мулозамат қилиш билан чегараланган эди. Раис Ху Ўзбекистон Хитойнинг дўстларидан бири, деган бўлса, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитойдек буюк давлатнинг дўсти бўлишдан мамнунлигини таъкидлаган эди.

“Хитой биз учун қадимий тарихи ва беназир маданияти бўлган буюк қўшнидир. Бу улкан салоҳияти, изчил суръат билан ривожланаётган иқтисоди бўлган ва белгиланган мақсадлар сари олға бораётган мамлакатдир” – деган эди Каримов.

Орадан бир йил ўтиб, 2005 йилнинг 25 майида Ўзбекистон раҳбари Хитойга давлат ташрифи билан борди. Ислом Каримовнинг Пекин саёҳати Андижон воқеаларидан икки ҳафта ўтиб бошланди ва халқаро ҳамжамиятдан Ўзбекистон ҳукуматига ёғилаётган танқидлар авжига чиққан пайтга тўғри келган эди.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси профессор Юрий Фёдоров, икки томонлама муносабатларнинг янги босқичга чиқиши ва расмий матбуотда ёзилаётгандек изчил ривожланиши айнан ана шу пайтга тўғри келди, дейди.

“Ҳақиқатан ҳам бу муносабатлар Андижон воқеаларидан кейин анча изчил равожланди. Ўзбекистоннинг Қўшма Шататлар ва ғарб билан муносабатлари кескин совуқлашиб кетганидан кейин, Хитой катта-катта кредитларни таклиф қилиб, Ўзбекистоннинг асосий иттиофқчиси бўлиб келган АҚШнинг ўрнини эгаллашга ошиқди. Ўзбекистон билан Қозоғистон минтақадаги иккита асосий давлатдир ва Хитойнинг бу давлатга қизиқишини тушунса бўлади ” – дейди Фёдоров.

Лондонлик таҳлилчи Хитойдек улкан мамлакатнинг энергия ресурслари, хусусан табиий газга бўлган эҳтиёжи ошиб бораётгани ҳам Пекиннинг Тошкент билан яқинликдан кўзлаган мақсадлари ва таъмаларига изоҳ бўлади, дейди.

Шу йилнинг апрел ойида Ўзбекистондан Хитойга элтувчи газ қувурини ётқизиш лойиҳаси бўйича икки томонлама шартнома имзоланган эди. Бу газ қувури лойиҳаси амалга оширилса, ундан йилиги ўзбек газининг 30 миллиард куб метри Хитойга оқиши кўзда тутилган.

“Ўзбекистон эса, Хитойнинг иқтисодий ёрдамидан ташқари, Пекиннинг сиёсий таянчига ҳам умид қилиши мумкин. Чунки, ҳақиқатан ҳам халқаро майдонда салоҳияти ошиб бораётган Хитойнинг кўп масалаларда, жумладан инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларидаги таянчи фойдадан холи бўлмаслигини Тошкен яхши тушунади” – деб қўшимча қилади лондонлик таҳлилчи.

Хитой делегациясини қабул қилган Тошкент расмийлари Эркин Халилов ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Хитойни “учта ёвузлик” – айирмачилик, экстремизм ва терроризмга қарши курашда қўллаб-қувватлашини таъкидладилар.

Бу гапларни Ўзбекистон Президенти ҳам бундан уч йил аввал айтган эди.

Юрий Фёдоров, Ўзбекистон бу масалада Хитойга салмоқли ёрдам кўрсата олишига шубҳа билдиради.

“Масалан, Шинжон уйғурлари масаласини олсак, уйғурларнинг фаол миллий уюшмалари Қозоғистон ва Қирғизистонда бор. Дарвоқе, Хитой бу уюшмаларни экстремизм ва айирмачиликда айблаб келади. Ўзбекистонда эса бундай уйғурлар йўқ. Тошкент Пекинга бундай ташкилотлар Ўзбекистонда пайдо бўлмаслиги ҳақида кафолат бериши мумкин. Бундан ташқари, Тошкент фурсати келганда уйғур миллатчиларини Хитойга қайтариб бериши мумкин. Ўтган йили, Канада фуқароси бўлган уйғур фаоли Хусайнжон Жалилнинг Тошкентда ҳибсга олиниб, Хитойга қайтиб берилгани бунга мисол бўлиши мумкин” - дейди Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Юрий Фёдоров
XS
SM
MD
LG