Линклар

logo-print

Яширин цехларда ҳам ўзбеклар ишлайди


Қозоғистоннинг турли ҳудудларида ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан аниқланаётган озиқ-овқат ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ноқонуний цехларда, асосан, ўзбекистонлик ва қирғизистонлик нолегал мигрантлар ишлаётир.

Куни-кеча Қустанай шаҳри прокуратураси томонидан аниқланган макарон ва нон маҳсулотлари тайёрлайдиган ноқонуний цехда ҳам бу икки давлатдан келган ўнлаб муҳожирлар ишлаётгани маълум бўлди. Санитария қоидаларига мутлақо зид шароитда ишлаган муҳожирларда Қозоғистон ҳудудида бўлиш ва ишлашга рухсат берадиган бирорта ҳужжати бўлмаган.

Гарчи ҳуқуқ-тартибот идоралари қўшни мамлакатлардан келаётган ноқонуний мигрантларнинг бундай яширин цехларда ишлашига қарши назоратни кучайтираётган бўлса-да, маҳаллий иш берувчилар айнан шундай ишчилардан фойдаланаётгани ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Олмаоталик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Денис Живаго бунинг сабаблари ҳақида тўхталар экан, маҳаллий иш берувчилар ноқонуний мигрантларни сув текинга ишлатаётгани сабабли шундай ҳолатлар кўплигини таъкидлади.

“Қозоғистон фуқароси дуч келган ерда, жумладан, яширин цехларда ишлашни ўзига эп кўрайди. Лекин ўзбек ёки қирғизлар ҳар қандай ишга рози бўлади”, - деди Денис Живаго.

Олмаотада 15 йилдан буён меҳнат қилаётган ўзбекистонлик Зафар ака яширин озиқ-овқат цехлари, ошхоналарда ҳақиқатан ҳам ҳамюртлари кўплигини айтар экан: “Маҳаллий аҳоли ошпазликда кўп ҳам уқувли эмас. Чунки бу ҳам ўзига яраша санъат. Шунинг учун озиқ-овқат билан боғлиқ ишларни кўпроқ ўзбеклар бажаради”, - деди.
XS
SM
MD
LG