Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:10

Назарбоев Тожикистонни ғалласиз қолдирмайди


Ҳабибулло Ботиров Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Тожикистонга сафари чоғида икки давлат ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида бир қанча ҳужжатлар имзоланди.

Тожикистон ташқи савдосида Қозоғистон МДҲ мамлакатлари ичида иккинчи ўринда туради.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон сўзларига кўра, жорий йилнинг дастлабки етти ойи мобайнида икки мамлакат ўртасида товар айрбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига қараганда 54 фоиз кўпайиб, 204 миллион долларни ташкил этган.

И.Раҳмон Тожикистон иқтисодиёти тез ривожланиб бораётган Қозоғистон билан тоғ-кон саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва гидроэнергетика соҳаларида ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини маълум қилди.

Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлиги матбуот котиби Ғафуржон Расулийнинг билдиришича, Тожикистон Қозоғистонга, асосан, пахта толаси, мева-сабзавот экспорт қилади ва у ердан ёнилғи маҳсулотлари, буғдой, ун ва рўзғор буюмлари олади. Кейинги пайтларда мамлакатда Қозоғистоннинг бир қанча банклари филиаллари очилди. Қозоғистон Тожикистонга юз миллион доллар миқдорида сармоя ётқизиши мумкинлиги ҳақида гап бормоқда.

Ғ.Расулий сўзларига кўра, Қозоғистон сармоячилари газ ва нефть конларини қидириб топиш ва ГЭСлар қуришда иштирок этиш ниятини билдирмоқда. Шу мақсадда Н.Назарбоев билан бирга Тожикистонга қозоғистонлик юздан ортиқ ишбилармон ҳам келган.

Ҳар йили иқтисодиётига 40 миллиард доллардан кўпроқ хорижий сармоя киритилаётган Қозоғистон Марказий Осиёда лидерлик даъвосини яшираётгани йўқ. Нефть, газ ва ғалласи уни дунёдаги муҳим стратегик давлатга айлантирди. Тожикистон ҳам кўп жиҳатдан Қозоғистон ғалласи ва ёнилғисига муҳтож бўлиб қолмоқда.

Таҳлилчи Сафо Сафаровнинг таъкидлашича, Қозоғистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар расмий Тошкент ва Душанбеникидан фарқли ўлароқ, анча илиқ ҳисобланади.

“Ҳозир энг муҳими, Қозоғистоннинг буғдой ва уни, нефть ва газини
Тожикистонга олиб келиш пайидан бўлиш керак, шундагина Тожикистон ўзининг озиқ-овқат ва ёнилғи хавфсизлигини сақлаб қолади ва Ўзбекистонга муҳтож бўлмайди. Бошқа масала, Қозоғистонда тожик муҳожирларининг мақомини белгилашдан иборат. Чунки Қозоғистон Россиядан кейин тожик муҳожирлари энг кўп мамлакат ҳисобланади”, - деди таҳлилчи.

Сафо Сафаров фикрича, Қозоғистон ва Тожикистон ўзаро муносабатларда бошқа давлатлар, жумладан, Россия, Хитой, АҚШ ва Ўзбекистон таъсиридан холи бўлиши зарур.

Расмий музокаралардан кейинги матбуот анжуманида Нурсултон Назарбоев Марказий Осийда интеграцияни кучайтириш кераклигини, бу минтақа иқтисодиёти икки баробар ошишига имкон беришини таъкидлади.

“Тожикистонга келсак, - деди Қозоғистон президенти, - у ғалласиз
қолмайди. Сентябрь ойининг ўзида тегишли идоралар бу масалани ҳал қилади”.

Имомали Раҳмон эса Марказий Осиё иқтисодий хамкорлиги тўғрисида гапирар экан, “айрим мамлакатлар томонидан сунъий равишда юзага келтирилган тўсиқлар” олиб ташланса, минтақада товар айрбошлаш ҳажми икки баробар ошишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG