Линклар

Тожикистон бу йил яна токсиз қоладиган кўринади


Ҳабибулло Ботиров Бу йил Қирғизистон Тожикистонга электр қуввати етказиб берадиган аҳволда эмас. Шунингдек, Тожикистоннинг Туркманистондан бир миллиард киловатт соат электр энергияси сотиб олиш нияти ҳам амалга ошмайдиган кўринади.

Марказий Осиё энергетика кенгашининг Душанбеда ўтган мажлисида “Барқи тожик” холдинг компанияси раиси Шарифхон Самиев бу йил нафақат Тожикистон, балки бутун минтақа мамлакатлари электр қуввати тақчиллигига дуч келишини таъкидлади ва бунинг сабабини Қирғизистондаги Тўхтағул сув омборида сув камлиги билан изоҳлади.

“Шунинг учун 30 августда туркманистонлик ҳамкасбларимиз билан Тожикистонга бир миллиард киловатт соат электр энергияси етказиб бериш ҳақида шарнома имзоладик. Бу электр қувватини сентябрь ойи охиридан ола бошлашимиз керак. Мазкур масала тўла ҳал бўлди. Аммо Туркманистон ягона энергетика тизимидан чиқиб кетгани ва бу тизимга қайтиши ҳақида мурожаат қилмагани учун Ўзбекистоннинг туркман электр қувватини Тожикистонга ўтказиши масаласи муаммо бўлиб қолмоқда”, - деди Шарифхон Самиев.

Унинг айтишича, Туркманистондан электр қувватини ўз ҳудуди орқали Тожикистонга ўтказиш ва бу мамлакатнинг ягона энергетика тизимига қайта киришига рухсат бериш учун Ўзбекистон раҳбариятининг сиёсий иродаси зарур бўлади.

“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси раиси ўринбосари Алишер Файзиев Ўзбекистоннинг бу масалага ёндашувини изоҳлар экан, Тожикистон Туркманистондан электр энергиясини Ўзбекистон ҳудуди орқали импорт қилмоқчи бўлса, бу мамлакатлар, аввало, Ўзбекистон ҳукуматига расман мурожаат қилиши кераклигини билдирди.

“Электр энергиясини Тожикистонга экспорт қилмоқчи бўлган, лекин минтақа мамлакатлари ва Россия билан ягона энергетика тизими тўғрисидаги шарномани имзоламаётган Туркманистон позициясини тушуниб бўлмайди”, - деди Алишер Файзиев.

Унинг таъкидлашича, Туркманистон бу тизимдан чиқиб кетган ва қайтиш учун шартномага қўл қўйиши керак.

“Туркманистондан электр энергиясини Ўзбекистон орқали Тожикистонга ўтказиш биз учун ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан фойдалидир. Бироқ бу масаланинг ҳуқуқий-меъёрий жиҳатларини ҳам ҳисобга олиш керак. Бу масалада Туркманистон томони шу вақтгача Ўзбекистонга ҳеч қандай расмий мурожаат қилмаган”, - деди Алишер Файзиев.
XS
SM
MD
LG