Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:28

Сайлов олди жимжитлиги


Ўзбекистонда амалдаги қонунчиликка кўра, 23 декабрда бўлиб ўтиши лозим бўлган навбатдаги президент сайлови учун расман сайловолди кампанияси эълон қилиниши керак бўлган кунга бир ҳафта қолди.

Ўзбекистон қонунчилиги бўйича 23 сентябрь - якшанба куни расман сайловолди кампанияси эълон қилиниши лозим. Аммо бугунга қадар ҳам Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ва мамлакат расмий оммавий ахборот воситалари бу борада ҳеч бир маълумот бергани йўқ.

Бироқ мамлакатдаги мустақил манбаларда олинган хабарларга кўра, икки кун муқаддам Ўзбекистон МСК томонидан мамлакат бўйича барча бўлинмаларга овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларни рўйхатга олиш ва сайлов участкаларни ҳозирлаш тўғрисида кўрсатма берилган. Шу кунларда эса маҳалла қўмиталари раҳбарлари уйма-уй юриб аҳолини рўйхатга олишни бошлаб юборган.

“Озодлик” мухбири баъзи маҳаллалар қўмиталарига боғланиб, бунинг тасдиғини топдик.

“Уч кун аввал овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ёшдаги аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида бизга Тошкентдан кўрсатма келди. Ҳозир маҳаллаларда шундай фуқароларни рўйхатга оляпмиз. Сайлов ўтадиган участкаларни ҳам тайёрлаяпмиз ҳозир”, - деди Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги маҳалла фуқаролар йиғини котиби.

Бироқ у сайловнинг қачон ўтиши ҳақида ҳали номаълум эканини билдирди.

Яна бир маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳам ҳозирча юқоридан фақатгина аҳолини рўйхатга олиш ва сайловга тайёрланиш ҳақида кўрсатма бўлгани, бошқа гап йўқлигини маълум қилди.

“Сайлов қачон бўлади, номзодлар ким – бу ҳақда ҳеч гап йўқ. Тўғри, қонун бўйича сайлов ўтадиган бўлса, 23 декабрда бўлиши керак. Аммо бу ҳақда бизга ҳеч қандай хабар бўлмади”, - деди у.

Шу тариқа, Ўзбекистондаги маҳалла қўмиталари қачон ва қай тариқа бўлишидан бехабар ҳолда сайловга тайёргарликни бошлаб юборган. Аҳоли рўйхатга олиняпти. Сайлов ўтиши керак бўлган участкалар тайёрланяпти. Айрим фаол маҳалла қўмиталарида эса ҳали президентликка номзодлар маълум бўлмай туриб, тарғибот ва ташвиқот ишлари ҳам кетяпти.

Ўзбекистонда сайловга зимдан тайёргарлик кетаётган бўлса-да, МСК ва бошқа расмий идоралар бу ҳақдаги саволларни жавобсиз қолдирмоқда.

Ўзбекистондаги бу вазиятни кузатиб турган таҳлилчилар, афтидан, кейин нима бўлиши борасида ҳали мамлакат раҳбариятининг ўзида бир келишувга эришилмаган кўринади, деган тахмин қилмоқда.

“Менимча, сайловни қачон ўтказиш ҳақида ҳали юқоридагиларнинг ўзлари бир битимга келмаган кўринади. Сайлов бўлиши аниқ энди, шунинг учун ҳам вилоятларга сайловга тайёргарлик тўғрисида кўрсатма берилган. Бироқ бу сайлов қачон бўлади, қандай бўлади – бу борада ҳали ҳукуматнинг ўзида бир келишувга эрилишмаган кўринади”, - дейди Ўзбекистон демократик ташаббуслар гуруҳи раҳбари Искандар Худойберганов.

Ўзбекистонлик таҳлилчилар шу ҳафта, яъни то 23 сентябргача мамлакатда президент сайлови бўлиш ёки бўлмаслиги, ёхуд бўлган тақдирда қай тариқа бўлиши, унда шахсан президент Каримов иштирок этадими, иштирок этган тақдирда бу қандай амалга оширилади - шу саволларга ойдинлик кириши мумкин бўлган ҳал қилувчи аҳамиятга эга ҳафта бўлади, деб кутмоқда.

Аммо бу мавзуда сув қуйгандек жим-жит турган Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларини кузатиб турган таҳлилчилар эҳтимол бирор кутилмаган сиёсий воқеалар содир бўлиши-ю, сайловнинг кечиктирилиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG