Линклар

ЕИ делегацияси Тошкент учун оғриқли масалаларни кўтарди

  • Фаррух Юсуфий

Ўтган ҳафта охирида Тошкентга келган Европа Иттифоқи делегацияси тузилманинг Марказий Осиёга оид янги стратегиясида белгиланган масалаларни муҳокама этгани маълум қилиняпти.

Португалиянинг Москвадаги ва бир вақтнинг ўзида Тошкентдаги элчиси ва айни пайтда ЕИнинг амалдаги раиси бўлмиш Португалиянинг Марказий Осиё масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Мануэл Марсело Монтейро Курто бошчилигидаги делегациянинг Тошкентга ташрифи 13-14 сентябрь кунлари бўлиб ўтди.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел ташриф доирасида Ўзбекистоннинг бир қанча расмийлари билан учрашувлар ўтказилганини билдирди.

“Ташриф дастуримиз ўта қизғин бўлди. Биз Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, унинг биринчи ўринбосари, адлия вазири, ички ишлар вазири, хавфсизлик кенгаши котиби ва бош вазир билан учрашдик. Хуллас, бу ташриф ўта мазмунли бўлди, десак бўлади. Унда ЕИ ва Ўзбекистон муносабатларининг барча жиҳатлари муҳокама қилинди”, - деди Пьер Морел.

Бироқ у “муносабатлардаги барча жиҳатлар” айнан қайси масалалардан иборат бўлгани ва қилинган хулосалар ҳақида изоҳ беришни лозим топмади.

Португалиянинг ЕИдаги раислиги матбуот вакили Клара Борья эса Тошкентга борган делегация Ўзбекистон ҳукумати билан ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги старетгиясини муҳокама қилганини айтди.

“Тошкентга қилинган бу ташриф ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси билан боғлиқ бўлди. Хабарингиз бор, ЕИга Германия раислик қилган даврда қабул қилинган стратегияни жорий этиш Португалия раислигига қолди. Мазкур стратегияни жорий этиш мақсадида ЕИ учлиги, яъни жорий раис давлат, ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича комиссарлик ҳамда ташқи алоқалар комиссарлиги вакилларидан иборат делегация Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига ҳам боради”, - деди Борья хоним.

Германиянинг ЕИга раислиги даврида қабул қилинган стратегияда Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммосига етарли эътибор берилмагани инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан кескин танқид қилинган.

Андижон воқеаларидан кейин ЕИ Ўзбекистонга нисбатан санкциялар жорий қилган эди. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти яхши томонга ўзгармаётгани боис, жазо чоралари ҳамон кучда қоляпти.

Клара Борья ЕИ янги стратегиясининг жорий қилинишида, айниқса, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига эътибор қаратилишини таъкидлади.

“Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкциялар май ойида яна кучда қолдирилди ва октябрда, яъни Португалия раислиги даврида қайта кўриб чиқилади ва албатта, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти таҳлилидан келиб чиқиб қарор қилинади. Португалия учун инсон ҳуқуқлари масаласи жуда муҳим ва Ўзбекистондек давлат билан муносабатларимизнинг муҳим жиҳати ҳамдир”, - деди Португалия расмийси.

ЕИ делегациясининг Тошкентга ташрифини Ўзбекистон матбуоти деярли ёритгани йўқ. Фақатгина Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига тегишли “Постда” газетаси элчи Мануэл Марсело Монтейро Курто ички ишлар вазири Баҳодир Матлубов билан учрашуви ҳақида хабар берди, холос.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи ва собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев ҳукуматдаги ишончли манбаларга таяниб, маҳаллий матбуот бу ташриф ҳақида оғиз очмаганига музокараларда Тошкент учун оғриқли масалалар кўтарилгани сабаб бўлганини билдирди.

“Айнан шунинг учун ҳам ЕИ вакиллари бош вазир, ташқи ишлар вазири ва ҳукуматнинг бошқа мулозимлари билан учрашганига қарамай, расмий матбуот бу ҳақда лом-мим деяётгани йўқ”, - деди Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG