Линклар

Германия террорчилардан ҳамон хавфсирамоқда

  • Фаррух Юсуфий

Германия Ички ишлар вазирлиги мамлакатда йирик террорчилик ҳаракатларини амалга оширишни режалаштириш айби билан ҳибсга олинган уч шахсдан бири Франкфурт аэропортида ишлаганини маълум қилди.

Немис хавфсизлик идоралари уччовлон нишонга олишни ният қилган объектлардан бири айнан Франкфурт аэропорти бўлганини билдирган.

“Франс пресс” агентлигининг Германия расмийларига таяниб хабар қилишича, ўзбекистонлик исломий экстремистларга алоқаси борлиги айтилаётган уч киши ҳибсга олинганидан бери улар аъзо бўлган “Исломий жиҳод иттифоқи” гуруҳидан келаётган хавф камаймаган.

Германия ички ишлар вазири Вольфганг Шаубле шанба куни немис матбуотига берган интервьюсида: “Улар ҳибсга олинганидан кейин ҳам хотирим жам эмас. Террор ҳаракатлари хавфи камайгани йўқ. Ҳали ҳам исломий террорчилар нишонида турибмиз”, - деди.

Айрим таҳлилчи ва кузатувчилар “Исломий жиҳод иттифоқи” (ИЖИ) Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг уйдирмаси эканини таъкидлаётган бўлса-да, Германия хавфсизлик идоралари бу гуруҳнинг бевосита ўзбекистонлик жангарилар билан боғлиқлиги, у Ўзбекистон исломий ҳаракатидан ажраб чиққан ва “Ал-Қоида” билан яқин алоқаси бор гуруҳ эканини айтиб келмоқда.

Германия ИИВ матбуот вакили Закс Кристиан ҳафта бошида ИЖИ номидан Интернетда тарқатилган баёнотдан кейин вазирликнинг бунга ишончи янада ортганини билдирди.

“Бу қўпорувчилик амалиёти олдини олиш бўйича узоқ вақт ишлаган идорамиз унинг ортида ИЖИ турганига аминдир”, - деди у.

Унинг таъкидлашича, мазкур гуруҳ ўз олдига қўйган мақсадлардан бири бевосита Ўзбекистон билан боғлиқлиги эса исломий жиҳодчиларнинг ўзбекистонлик экстремистлар билан боғлиқлигига шубҳа қолдирмайди.

“Уларнинг даъво қилишича, улар ўз олдига қўйган мақсадлардан бири келажакда Германиянинг Термиздаги авиабазадан фойдаланишига чек қўйишдир”, - дейди Закс Кристиан.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей эса ИЖИ номидан бундан аввал, хусусан, Тошкентда 2004 йилда амалга оширилган портлашлар учун маъсулиятни ўз зиммасига олиб қилинган баёнотларнинг ҳам, куни-кеча пайдо бўлган баёнотнинг ҳам ҳаққонийлигига шубҳа билдиради.

“ИЖИ ҳақиқатан ҳам мавжудлиги борасида бирорта ҳам далилни кўрганим йўқ. Уларнинг ҳужумлар учун масъулиятини олиб, гўё Интернетда жойлаштирган эълонини кирилл, лотин ёки араб алифбосида ҳам топа олганимиз йўқ. Менимча, Германия ҳукумати ахборотни Ўзбекистон хавфсизлик идораларидан олаётганини тўла ишонч билан айтиш мумкин”, - дейди Крейг Мюррей.

Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳақидаги китоб муаллифи, покистонлик мустақил журналист Аҳмад Рашид ҳам ИЖИ бевосита алоқадор экани айтилаётган ЎИҲнинг ўзи Покистонда яшириниб юргани инобатга олинса, ўзбек экстремистларининг хорижда йирик қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишига шубҳа қилишини айтади.

“Биз ЎИҲ раҳбарлари тирик экани ва Афғонистон ҳамда Покистон ўртасидаги чегара ҳудудларида омон юрганини биламиз. Лекин бу ташкилотнинг Ўзбекистон ёки бирор бошқа давлатда, айтайлик Тожикистонда ҳаракатларини қайта жонлантираётганини исботловчи бирорта ҳам далил йўқ. Бундай таҳдид борлигини бот-бот таъкидлаётган Ўзбекистон ёхуд Тожикистон расмийлари буни исботловчи бирорта ҳам далил келтирганини кўрганимиз йўқ”, - дейди Аҳмад Рашид.

Қолаверса, А.Рашиднинг қўшимча қилишича, агар ИЖИ ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлиб, жиддий террор уюшмаси бўлса, ўз олдига қўйган мақсадлар, хусусан, Германиянинг Термиздаги ҳарбий базасига қарши террор ҳужумини амалга оширишни ният қилгани ҳақида аввалдан аниқ-тиниқ баёнот бериши ҳам бу ташкилотнинг йўқ деганда нўноқлигидан далолат беради.

Маркази Америкада жойлашган Террорчиликнинг олдини олиш институти маълумотларига кўра, “Исломий жиҳод” гуруҳи 2004 йилдаги Тошкент портлашларидан кейин ҳеч қандай террор ҳаракати учун масъулиятни ўз зиммасига олган эмас.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва бошқа идоралари Германияда ҳибсга олинган уч шахснинг ўзбекистонлик исломий экстремистларга алоқадорлиги борасида изоҳ бергани йўқ.
XS
SM
MD
LG