Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:29

Масжидбузарлар


Душанбе шаҳрининг Сино туманидаги маҳаллалардан бирининг масжиди маҳаллий маъмурлар томонидан бузиб ташланди. Душанбе ҳокими буйруғи билан бу туманда бешта масжидни бузиб ташлаш режалаштирилган.

Маҳаллий амалдорлар бузилаётган масжидлар на масжид, на жамоат жойи сифатида расмий рўйхатдан ўтмаганини билдирмоқда.

Маҳаллий аҳоли муқаддас рамазон ойида масжидлар бузилаётганидан норозилик билдирмоқда.

Сино туманидаги бузилган масжидда намоз ўқийдиган Маҳмадулла Зайдуллоев қўлидаги қоғозларни варақлар экан: “Бу шу иморат учун 1992 йилда берилган ҳужжатлар. Тахминан 15 йил давомида бу бинодан ҳам масжид ва ҳам жамоат жойи сифатида фойдаланиб келганмиз. Аммо шу йил амалдорлар ўша йили имзоланган қарорлар бекор қилингани ва биз ҳужжатларни қайта расмийлаштиришимиз кераклигини билдирди”, - деди.

М.Зайдуллоевнинг айтишича, ҳужжатларни қайта расмийлаштириш учун бир йил давомидаги уринишлар бекор кетган. Бу масжидда шу пайтгача ҳар куни таминан 200 тақводор намоз ўқиб келган. Энди улар рамазон ойида таробиҳ намозини ўз уйида ўқишга мажбур бўлмоқда.

Бибисора исмли аёл бу масжид маҳалла кучи билан қурилганини маълум қилди.

“Бу бино бизга масжиддан кўра кўпроқ жамоат жойи сифатида зарур эди. Мусулмонмиз, тўй бор, ўлим бор дегандек. Кўп қаватли биноларда яшаймиз,тўю маросимларимизни шу бинода ўтказиб турган эдик. Бир ўлим бўлса, тобутни қаерга олиб боришни билмаймиз. Рўза ойида бундай биноларни вайрон қилиш инсофдан эмас-ку”, - дейди аёл ғазабини яширмай.

Аммо Сино тумани ҳукуматининг дин ишлари бўлими бошлиғи Абдушукур Маҳкамов маҳаллий маъмурларнинг бу ишлари амалдаги қонунлар асосида қилинаётгани, бу ерда ҳеч қандай қонунбузарлик бўлмаганини таъкидлади.

Мустақил кузатувчилар масжидларни турли баҳоналар билан айнан рамазон ойида ёпиш ёки бузиб ташлаш салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билдираётир.

“Тахминан 98 фоизи мусулмон бўлган Тожикистонда масжидларни рамазон ойида бузиб ташлаш алоҳида гуруҳлар манфаатлари учун қилинаётган тадбирдир. Ижроия ҳокимиятлари тутган йўл, албатта, фуқаролар ўртасида норозилик келтириб чиқаради”, - дейди мустақил кузатувчи Дўстмуҳаммад Дўстов.

Жорий йилнинг уч ойи ичида Душанбе шаҳрида тахминан 300дан ортиқ масжид ва жамоат жойи ҳисобланган бинолар эшикларига қулф урилди. Биргина Сино туманида учта шундай иншоот бузиб ташланди.
XS
SM
MD
LG