Линклар

logo-print

Сиёсий партиялар сайловга киришиш ниятидан йироқдек...

  • Сарвар Усмон

“Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасида мамлакатдаги барча сиёсий партиялар президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган.

Шу модданинг иккинчи бандида президентликка номзод кўрсатиш жараёни сайлов белгиланганидан 25 кун ўтгач бошланиши ҳам кўрсатиб қўйилган.

Демак, бу жараённинг бошланишига ҳали бир ой бор.

Шундай бўлса-да, “Озодлик” мухбири Ўзбекистондаги бир неча партия билан боғланиб, уларнинг сайловолди режалари билан танишишга ҳаракат қилди.

Энг аввало, кун бўйи Тошкентга қилинган ўнлаб қўнғироқлардан қолган асосий таассуротни айтиб қўя қолай: Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтказилган партиялар президент сайловига мутлақо бефарқ ёки сайлов олдидан ўтказаётган ишлари тўғрисида партизандай қаттиқ туриб айтмасликка кимгадир сўз берган.

Ўзбекистон либерал демократик партияси ва Халқ демократик партиясига қилинган барча қўнғироқларга “кейинроқ қўнғироқ қилинг” ёки “фалончига боғланинг” қабилидаги жавоблар олинди.

Партияларнинг аксарияти билан эса боғланишнинг сира иложи бўлмади. Идораларида одам йўққа ўхшади.

Шундан сўнг партияларнинг вилоят бўғинлари даражасига тушдик. ХДПнинг вилоят бўлимига телефон қилганимизда бир марта иш юришгандай бўлди.

-
Сиз аъзо бўлган партия сайловга қандай кириб боряпти, президентликка номзод кўрсатмоқчи эмасмисизлар?

-
Бу масалада ҳозирча бизга ҳеч қандай топшириқ, кўрсатма келгани йўқ.

-
Ўзи умуман партия аъзолари орасида президентликка фалончи номзодини кўрсатамиз, деган гап юргандир-ку?

-
Йўқ, ундай гап йўқ.

-
Шахсан ўзингиз кимнинг номзодини кўрсатган бўлардингиз?

-
Бу ҳақда ўйлаб кўрган эмасман.

ХДП аъзосининг сўнгги гапи инобатга олинадиган бўлса, Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтказилган партияларнинг барчаси ҳам, афтидан, бошқа муҳим ишлари кўп бўлиб, президент сайлови тўғрисида ўйлашга фурсати бўлмаган.

“Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига биноан расмий қайддан ўтказилмаган “Бирлик”, “Эрк” каби партиялар сайловда иштирок эта олмайди, яъни президентликка номзод кўрсата олмайди.

Бироқ ўзини расмий қайддан ўтмаган, деб ҳисобламайдиган бу партиялар президент сайловига тайёргарликни бошлаб юборганига анча бўлган.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажонов 18 сентябрь куни “Озодлик” мухбирига берган интервьюсида: “Бирлик халқ ҳаракати” партияси сайловда қатнашади ва бу ҳақда аввалроқ эълон қилганмиз. Партия марказий кенгаши қарори билан президентликка партия раҳбари Абдураҳим Пўлатнинг номзоди кўрсатилган”, - деди.

“Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ эса партия “Ислом Каримов давлат тепасида экан, Ўзбекистонда ҳеч қачон демократик сайлов бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас”, деган фикрида қатъий эканини билдирди.

“Лекин, шунга қарамай, - деб давом этди Муҳаммад Солиҳ, - лоқайд қараб ўтирмаймиз ва қолган 3 ойда худди сайловга кирадиган партиядай тайёргарлигимизни кўрамиз”.
XS
SM
MD
LG