Линклар

“Озодлик” мухбири озод бўлди

  • Ҳурмат Бобожон

“Озодлик” радиосининг форс хизмати мухбири Парноз Азима саккиз ойлик тутқунликдан сўнг Эронни тарк этди. У январь ойида касал онасини кўргани Теҳронга борганидан буён мамлакатни тарк эта олмаётган эди.

Эрон ҳукумати расмийлари унинг паспорти тортиб олган, ўшандан бери у доимий назоратда ушлаб турилган ва мамлакатни тарк этишига рухсат берилмаётган эди.

Ниҳоят 4 сентябрь куни П.Азиманинг паспорти қайтариб берилди, аммо унинг устидан ҳукуматга қарши тарғибот юритганлик бўйича очилган жиноят иши ёпилмаган. П.Азима Эрон ва АҚШ қўшфуқаролигига эга.

“Озод Европа/Озодлик” радиоси президенти Жэфф Гедмин П.Азиманинг Эронни тарк этиб, Вашингтонга йўл олгани ҳақидаги хабардан мамнун эканини таъкидлади. Парнознинг “Озодлик” радиосидаги ҳамкасблари бу кунни орзиқиб кутди.

“Биз Парнознинг яна оиласига қайтиши ва янги дунёга келган неварасини илк бор кўриши мумкинлигидан жуда хурсандмиз”, - деди Жэфф Гедмин.

Аммо у Парноз Азимага нисбатан Эронда очилган жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилмаганидан ташвиш билдирди.

Эрон расмийлари “Озодлик” ҳамда “Америка овози” радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган “Фардо” радиоси мухбирини мамлакатга қарши ташвиқот билан шуғулланганликда айблаб, унга қарши жиноий иш очилганини эълон қилган эди. П.Азима бу айбловларни рад этиб, ўзи ишлаётган “Фардо” радиосининг мақсади холис ахборот тарқатиш эканини таъкидлаган.

П.Азима “Фардо” радиоси мухбири сифатида Эроннинг замонавий тарихи, аёллар ҳуқуқлари, диний эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари мавзуларида эшиттиришлар тайёрлаган. Шунингдек, инглиз ва француз ёзувчиларининг 30дан ортиқ асарини форс тилига ўгирган.

26 август куни “Фардо” радиосига берган интервьюсида П.Азима радиодаги ишини тўхтатиши эвазига унга очилган жиноят иши тўхтатилиши мумкинлиги ҳақда таклиф олганини билдирган эди. Аммо 1998 йилдан бери “Фардо” радиосига ишлаб келаётган П.Азима бу таклифни рад этган.

Парноз Азима ярим миллион доллар гаров пули эвазига шартли озодликка чиқарилди. Суд унинг Эрондаги онаси яшайдиган ҳовлини ана шу нархда баҳолаб гаровга олган. П.Азима 2007 йил давомида Эронда ушланиб, хавфсизлик билан боғлиқ айблар қўйилган ягона америкалик эроний эмас. Ўтган ойда Вашингтондаги Вудро Вилсон институтининг Яқин Шарқ дастури директори Халил Исфандиёрий Теҳронни тарк этишга мувваффақ бўлди. Мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солганликда айбланиб, уч ой қамоқхонанинг якка ҳужрасида сақланган Исфандиёрий ҳам кафолат пули тўлаш эвазига озодликка чиқарилган эди.

Айни пайтда АҚШ фуқароси бўлган яна икки эронлик тадқиқотчи Эрон қамоғида қолмоқда. Улар Жорж Сороснинг Очиқ жамият институти консультанти Киан Тожбахш ҳамда Тинчлик корпуси фаоли Али Шокирийдир.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Том Кейси Теҳрон ҳукуматини уларни ҳам озод қилишга чақирган. К.Тожбахш 11 сентябрь куни Эвин қамоқхонасидан туриб журналистларга яқин фурсатда озод этилиши мумкинлигини айтган эди.

Кузатувчилар П.Азима ва бошқалар Эронда режимни танқид этувчиларни бўғиш мақсадида ҳибсда ушлаб турилганини айтмоқда.

АҚШдаги тадқиқот марказларидан бирининг таҳлилчиси Бил Сами фикрича, Эрон бу билан, кимки АҚШ билан ҳамкорлик қилса, мана шу куйга солинади, деган муждани тарқатишга уринмоқда.

Яна бир таҳлилчи Фараж Шаркухий ҳам Теҳрон ҳукуматининг мақсади Эронни танқид этувчилар овозини ўчириш эканини айтади.

“Бу билан Эрон ўз танқидчиларига, жим ўтиринглар, акс ҳолда сизни ҳам қамоқ кутади, демоқда”, - таъкидлайди Фараж Шаркухий.
XS
SM
MD
LG