Линклар

Феликс Корли: “Ўзбекистон ҳукумати диндан қўрқади”

  • Ҳурмат Бобожон

Диний эркинлик масалаларини ёритиб борувчи “Форум 18” гуруҳи Ўзбекистонда рамазон ойида айрим исломий амалларга тақиқ жорий этилгани борасида ташвиш билдирди.

“Форум 18” гуруҳи Ўзбекистонда рўзаи рамазон ойида таровиҳ намози чоғида диний даъватлар қилиш маън этилишини диний эркинликка навбатдаги тажовуз ўлароқ баҳоламоқда.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси буйруғига биноан имом хатибларга таровиҳ намозига йиғилганларга диний даъват билан шуғулланиш маън қилинган эди. Шунингдек, ушбу буйруқ ҳар бир имом хатибга вилоятдаги раҳбарларга таровиҳ намози кўнгилсизликларсиз ўтгани ҳақида ҳисобот бериб туриш масъулиятини ҳам юклаган.

“Форум 18” гуруҳи муҳаррири Феликс Корлининг айтишича, бу Ўзбекистонда Ислом дини ичкаридан назорат қилинишининг яна бир кўринишидир ва бу Ўзбекистоннинг диний эркинликлар тўғрисидаги мажбуриятларига тамомила зиддир.

“Рамазон ойида ҳукумат мусулмон жамоаси устидан назоратни янада кучайтириб юборди. Ҳукумат мусулмонлардан айнан шу мавсумда кўпроқ ҳадиксирайди, - дейди Ф.Корли. - Ўзбекистонда барча дин, айниқса, Ислом ҳукуматнинг кучли назорати остида. Ҳукумат Исломни ичкаридан назорат қилса, бошқа диний жамоаларни ташқаридан, босим ўтказиш йўли билан назорат қилади”.

Ўзбекистонда барча имомлар, айниқса, бош муфтий ҳукумат томонидан тайинланади. Улардан ким қанақа китоб ўқиши, масжидга келувчиларнинг хулқ-атвори, нималар ҳақида гаплашиши ҳақида ҳукумат хавфсизлик идоралари агентлари доим маълумот олиб туради.

“Форум 18” ташкилоти Ўзбекистонда насроний ҳамда бошқа дин вакиллари ҳам таъқиб этилаётганидан ташвиш билдирди. Бухоролик протестант Шарофат Алламованинг диний адабиётларни тарқатиш айби билан ўтган ойда олти ойга қамалиши, қорақалпоғистонлик пасторнинг ноқонуний диний фаолият билан шуғулланганлик айби билан йирик миқдорда жаримага тортилиши, шунингдек, сентябрь ойи ўрталарида мамлакат жанубида протестант оқимига мансуб 12 шахснинг таъқиб этилишини “Форум 18” Ўзбекистонда протестант черковига қарши қатағонларнинг янги тўлқини сифатида кўрмоқда.

“Шарофат Алламова Бухородан Урганчга бораётганида ёнидан насроний адабиётлар топилиб ҳибс этилди. Тўрт кун ўтиб, Ички ишлар вазирлигининг террорчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз унинг уйида тинтув ўтказиб, диний адабиётларни мусодара этган. Кейинчалик август ойида Ш.Алламова ноқонуний диний адабиётларни тарқатганлик айби билан олти ойга озодликдан маҳрум этилди”, - дейди Феликс Корли.

Ўзбекистонда давлат мафкурасига ёт диний адабиётни ўқиш ёки аудио ва видеомаҳсулотни тинглашга, томоша қилишга чоғланган ҳар қандай диндор қамоққа тушиши мумкин. Ўзбекистон фуқароларига мамлакат конституцияси ва бошқа қонунлар билан ахборот олиш эркинлиги кафолатланганига қарамай, диний мазмундаги материаллар тарқатиш расмийлар томонидан қаттиқ назорат қилинади. Ҳатто Жиноят кодексига бу борада қамоқ жазосини кўзда тутувчи янги модда ҳам киритилган.

“Жиноят кодексига киритилган бу модда Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги, виждон ва диний эркинликларни таъминлаш борасида олган халқаро мажбуриятларига мутлақо зиддир”, - дейди Феликс Корли.

Диний турмуш устидан давлат назоратининг кучайтирилгани очиқ сиёсий сабабга эга экани равшан. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида мамлакатдаги масжидлар норасмий мулоқот жойига айланиб қолганди. Бунинг оқибати ўлароқ, минглаб мусулмонлар турли экстремистик оқимларга мансубликда айбланди, миллий-диний уйғониш тўлқинида пайдо бўлган кўплаб масжидлар ёпиб қўйилди, тепанинг буйруғи асосида иш кўришни хоҳламаган имомлар таъқибга учради.

Хўш, ҳукумат Ўзбкистонда мусулмон бўлмаган диний жамоаларни ўзига қандай хавф сифатида кўради?

“Форум 18” ташкилоти нега диний жамоаларга нисбатан бунча кескин чора қўллаши ҳақида ҳукумат расмийларига бир неча марта мурожаат этган. Аммо нега бундай назорат мавжудлиги, нега ҳукумат ўзи олган мажбуриятларга қарши иш кўраётгани хусусида бирор амалдор изоҳ беришни истамаган.

Ф.Корли бунга асосий сабаб ҳукуматнинг диндан қўрқиши эканини айтади.

“Ҳукумат мавжуд сиёсатни тўғрилашга уринган гуруҳларга тоқатсиз. Айнан шу боис, Ўзбекистонда ҳукумат мустақил журналистлар, касаба уюшмалари, ноҳукумат ташкилотлар, муқобил сиёсий партияларни яксон этмоқда ва бундан диний жамоалар ҳам азият чекмоқда”, - дейди Феликс Корли.

АҚШ Диний эркинликлар қўмитасининг ўтган ҳафта эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон алоҳида ташвиш уйғотувчи саккиз давлат қаторида тилга олинган эди. “Форум 18” ташкилоти Ўзбекистон ва Туркманистондек диний эркинликлар бузилаётган давлатларга нисбатан халқаро босимлар у ерда вазиятни яхшилашда самара беради, деган ишончда.
XS
SM
MD
LG