Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:45

Имомали Раҳмон тез-тез учрашувлар ўтказиш тарафдори


18 сентябрь куни икки кунлик расмий ташриф билан Қирғизистонга келган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон қирғиз ҳамкасби Қурманбек Бақиев билан тор доирада учрашув ўтказди.

Қирғизистон ва Тожикистон иқтисодий имкониятлари бир-биридан фарқ қилмайдиган, гидроэнергетика ресурларига бой давлатлардан ҳисобланади. Яна бир ўхшашлик - ҳар иккала давлатнинг бир миллионга яқин фуқароcи Россия ва бошқа хорижий давлатларда меҳнат қилади. Ҳар икки давлат ҳам гидроэнергетика ресурсларидан унумлироқ фойдаланиш борасида бир-бирини қувватлаб келади.

Қирғизистон ва Тожикистон президентлари учрашувида ҳам шу жиҳатлар эсга олиниб, икки мамлакат ўртасида сиёсий келишмоқчиликлар йўқ экани маълум қилинди.

Қирғизистон президенти Қ.Бақиевнинг айтишича, И.Раҳмон билан музокаралар чоғида имзоланган ҳужжатлар нафақат давлатлар, балки фуқаролар учун ҳам ўта манфаатлидир.

“Кўчиб келиш жараёнини тартибга солиш ва кўчиб келувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳужжат Тожикистондаги этник қирғизлар ва Қирғизистондаги этник тожикларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ягона давлат сиёсатини юритиш омили бўлиб хизмат қилади”, - деди Қ.Бақиев.

У томонлар чегара ҳудудларида савдо-сотиқни ривожлантириш, сувдан фойдаланиш, сармоялар ётқизиш, конкрет энергетик лойиҳалар ва бошқа масалаларни муҳокама этганини билдирди.

Тожикистон президенти эса чегара масаласи ҳам кун тартибида бўлганини маълум қилди.

“Биз ҳудудий бўлиниш каби мураккаб масалани ҳам четлаб ўтмадик. Биз тарихдан мерос бўлиб қолган чегара масаласини ҳал этишда совуққонлик ва зиддиятларга киришмаслик принципини қўллашга келишиб олдик”, - деди Имомали Раҳмон.

Айни пайтда Қирғизистон сиёсатчилари мамлакатдаги тожик экспанциясидан ташвиш билдирмоқда.

Қирғиз парламенти депутатларининг таъкидлашича, Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош вилоятларидаги айрим қишлоқлар Тожикистон фуқаролари томонидан ноқонуний тарзда ўзлаштирилмоқда. Маҳаллий ҳукуматларнинг бу муаммони бартараф этиш борасидаги уринишлари натижа бермаётир.

Қирғизистон бош вазири ўринбосари Нур Дўсбол ўғли матбуотга бу муаммо президентлар учрашувида муҳокама этилиши мумкинлигини билдирган эди. Бироқ президентлар ўз чиқишларида бу масала тўғрисида гапирмади. Айни пайтда Қирғизистон президенти учрашув чоғида муҳокама қилинмаган муаммолар ҳам талайгина эканини айтди.

“Муаммолар кўп. Ўйлайманки, Тожикистон президентининг ташрифи икки давлат ўртасида ҳал этилмай қолаётган муаммолар бартараф этилишига туртки бўлади”, - деди Қ.Бақиев.

Тожикистон президенти эса ҳал этилмай қолаётган муаммоларни жой-жойларда норасмий учрашувлар ўтказиб муҳокама этишни таклиф қилди.

“Мен кўпроқ учрашиб туришни таклиф қилдим. Албатта, расмий учрашувлар ўтказиш шарт эмас. Вилоятларда, шаҳар ва қишлоқларда норасмий учрашувлар ўтказиб, муаммоларни ҳал этишимиз мумкин”, – деди Имомали Раҳмон.
XS
SM
MD
LG