Линклар

Роҳат Алиевнинг тансоқчилари юртига қайтди


Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги президент Нурсултон Назарбоевнинг собиқ тўнғич куёви Роҳат Алиевнинг халқаро қидирувда бўлган икки тансоқчиси ўз ихтиёри билан юртига қайтганини маълум қилди.

ИИВ матбуот котиби Бағдат Хўжаҳмедов шу пайтгача Венада яшириниб юрган Айдар Бектибоев ва Сергей Кошлайнинг юртга ўз ихтиёри билан қайтиши вазирлик учун ҳам кутилмаган ҳол бўлганини таъкидлади.

“Узоқ вақтгача улардан дом-дарак йўқ эди, шунинг учун юртга қайтгани биз учун ҳам кутилмаган ҳол бўлди. Улар Р.Алиевнинг босими ва пўписаси сабабли ватанга аввалроқ қайта олмаганини билдирди. Ҳозир улар Р.Алиевнинг жиноятлари ҳақида кўрсатма беришга тайёрлигини айтмоқда. Австрия судининг Р.Алиевни юртига экстрадиция қилмаслик тўғрисидаги қарори ортида унинг Европадаги нуфузли танишлари ва йирик ишбилармонлар тургани маълум бўлди. Ҳозир А.Бектибоев ва С.Кошлай Олмаота ички ишлар департаменти тергов изоляторида сақланмоқда”, - деди Б.Хўжаҳмедов.

Олмаоталик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Евгений Жовтиснинг айтишича, Қозоғистон қонунчилигида содир этган жиноятига ўз ихтиёри билан иқрор бўлганлик учун Ғарбдаги каби енгиллик бўлмайди. Ҳал қилувчи қарор Бош прокуратура иродасига боғлиқдир.

Қозоғистон ҳукумати Р.Алиев содир этган жиноятларда тансоқчиларнинг ҳам қўли борлиги сабабли улар юртга қайтарилса, президентнинг собиқ куёвини қозоқ прокуратураси ихтиёрига топшириш имконияти ошишига умид қилиб келаётганди.

Аммо Евгений Жовтис бунга ишонмайди. Ҳуқуқ ҳимоячиси тансоқчилар Австрия судида Р.Алиевга қарши кўрсатма бериб, унинг жиноий жавобгарликка тортилишига эришилса ҳам собиқ куёв жазони Австрияда ўташи эҳтимоли кўплигини таъкидлади.

Кўпгина кузатувчилар Р.Алиевни жиноий жавобгарликка тортишнинг айни пайтда энг мақбул йўли унга қарши далилларни Австрия судига тақдим этиш эканини айтмоқда. Аммо Р.Алиевга қарши жиддий далилларни Австрия судига бермасликдан, аввало, Қозоғистон раҳбарияти манфаатдор эканини таъкидлаётганлар ҳам бор.

“Р.Алиев ҳукуматдаги вазият, амалдорларнинг банк ҳисоблари ва турли битимлар ҳақида ноёб маълумотларга эга. Н.Назарбоевнинг ўзи ва атрофидагиларга қарши етарли маълумотга эга Р.Алиев ҳукуматдагиларнинг обрўсига жиддий путур етказиши мумкин”, - дейди мухолифатчи Айдос Саримов.

Эслатиб ўтамиз, Н.Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоеванинг собиқ эри Р.Алиев мамлакатдаги йирик “Нурбанк”нинг собиқ раҳбарларини ўғирлаш ва турли молиявий қинғирликларда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG