Линклар

ХДПнинг сирли номзоди ёки ЎзЛДПда президентликка лойиқлар йўқ эмас

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистонликлар, қолаверса, халқаро ҳамжамият иккинчи президентлик муддати тугагани айтиладиган Ислом Каримов декабрь ойидаги сайловда ҳам қатнашадими, деган савол устида бош қотириб турган бир пайтда бўлажак президент сайловида ўзи ким қатнашади, деган савол ҳам жавобсиз қоляпти.

Ўзбекистон президентлигига сайловолди кампанияси расман 21 сентябрь куни бошланади. 23 декабрга белгиланган сайловда ким қатнашади, деган савол ўзбекистонликлар учун келаси бир ой давомида куннинг долзарб саволи бўлиб қолади. Чунки мавжуд қонунчиликка мувофиқ президентликка даъвогарлар сайловга 65 кун қолганда 20 кун давомида ўз номзодларини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши мумкин бўлади.

Лекин нима бўлганда ҳам мазкур қонун сиёсий партиялар, жумладан, Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган партиялар президент сайловида қатнашиш ниятини билдириб қўйишини тақиқламайди.

Ўзбекистон мухолифатидаги расман рўйхатдан ўтмаган партиялар ва Ўзбекистон фуқароларидан бир неча киши сайловда қатнашиш нияти борлигини айтган, лекин барчага тенг ҳуқуқ берилиши айтилган қонунда белгиланган шартлар бу даъвогарларга сайловда қатнашиш имконини бермаслиги аниқ.

Шу сабабдан, сайловда қатнашишга реал имконлари бор сиёсий партиялар арбоблари орасида президентликка даъвогарлар борми, агар бўлса, уларнинг сайловда ғалаба қозонишга имкониятлари қанча, деган оддий саволлар жавобини қидиришга ҳаракат қилдик.

Аъзолари сони бўйича мамлакатдаги энг йирик партия ҳисобланмиш Халқ демократик партияси аъзоларидан бири партиянинг сайловда қатнашиш ёки қатнашмаслик ҳақидаги қарори унинг сиёсий сири эканини айтди.

“Сиз кўтарган саволнинг жавобини ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак, буни сизга тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ-ку”, - дея қўшимча қилди ХДП вакили.

Тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаган бу савол жавобини “Озодлик” тингловчилари ҳам теран англаб турган бўлса, ажаб эмас.

Лекин ХДПдан фарқли ўлароқ, аъзолари сони бўйича иккинчи ўринни эгаллайдиган Ўзбекистон либерал демократик партияси бўлажак сайловда ўз номзоди билан қатнашиши мумкинлигини сир тутгани йўқ.

“Партиямиз марказий кенгаши сешанба куни мажлис ўтказди. Бир ҳафта ичида партиянинг қурултойи ўтказилади. Сайловда қатнашиш ёки қатнашмаслик қарори ўша қурултойда қабул қилинади, - деди ЎзЛДП аппарати раҳбари Шуҳрат Норжигитов. - Ҳозирча сайловда ўз номзодимиз билан қатнашиш ҳақида бир қарорга келмаган бўлсакда, партиямизнинг 149 минг аъзоси орасида, Ўзбекистон президентлигига номзод этиб кўрсатишга лойиқ одамлар йўқ эмас”.

Айтиб ўтилганидек, номзодларни рўйхатга олиш сайлов кунига 65 кун қолганда бошланади ва 45 кун қолганида тугайди. Яъни номзодлар ўз дастурларини сайловчилар орасида тарғиб қилиш, борингки, ўзини сайловчиларга танитиш учун бор-йўғи икки ой вақт берилади.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистондагидек нодир сиёсий муҳитда сайловолди кампанияси учун икки ой камлик қилади.

Либерал демократлар вакили Шуҳрат Норжигитовнинг фикрича эса Ўзбекистонда сайловолди кампанияси учун берилган икки ой етарли ва қонуннинг бу меъёри “дунёнинг бошқа демократик давлатларида қабул қилинган нормалардан фарқ қилмайди”.

Ўзбекистон демкоратик ташаббуслар маркази раҳбари, кузатувчи Искандар Худойберганов эса мазкур масалада Ўзбекистонни бошқа давлатлардаги сиёсий вазият қолипи билан ўлчаш, йўқ деганда, соддадилликдан бошқа нарса эмас, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG