Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:33

Қирғизистонда яна янги конституция бўлади


19 сентябрь куни Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев 21 октябрда мамлакатда янги конституцияни қабул қилиш бўйича умумхалқ референдуми ўтказилишини эълон қилди.

Бундан беш кун муқаддам Қирғизистон Конституциявий суди мухолифат босими билан 2006 йил ноябрда ва кейинроқ президент тарафдорлари босими билан 2006 йил декабрда қабул қилинган конституцияларни ноқонуний, деб эълон қилган эди. Дунё судлов амалиётида деярли кузатилмаган бундай қарордан сўнг Қирғизистонда ҳуқуқий бўшлиқ пайдо бўлди.

Қ.Бақиевнинг айтишича, Конституциявий суднинг конституцияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори мутлақо кутилмаган бўлган.

“Бу хабарни ҳазм қилиш мен учун осон кечмади. Биз Конституциявий судга Асосий қонун бекор қилинганига норозилик билдириб мурожаат қилдик. Лекин Конституциявий суднинг далиллари ўта қонуний ва асосли бўлгани учун ҳам бу қарор ҳақлидир. Конституциявий суднинг бу қарори ҳокимият учун катта сабоқдир. Бу президент ҳам, ҳукумат аъзолари ҳам, парламент ҳам қонун асосида яшамоғи, қонун асосида фаолият юритмоғи лозим, деган сабоқдир”, - деди Қ.Бақиев.

Айни пайтда президент маъмурияти билан бир қаторда парламент ҳам Конституциявий судга ўз норозилигини билдирди. Бироқ бу норозиликлар ва президент муносабати ҳам Конституциявий суд қарорини ўзгартира олмайди. Бу қарор қатъий ва барча ҳукумат тизимлари томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Парламент депутати Исҳоқ Масалиевнинг айтишича, Конституциявий суднинг қарори юридик эмас, сиёсий қарор бўлган. Бу сиёсий қарор қанчалик аччиқ бўлмасин, қабул қилиниши даркор.

Парламентнинг яна бир депутати Қамчибек Ташиев эса бундай қарорни қабул қилган Коснтитуциявий судни жазолашни таклиф қилади.

“Биз Конституциявий суднинг раисаси ва аъзоларини тез кунларда алмаштирмоғимиз лозим”, - деди аччиқ устида Қамчибек Ташиев.

Бироқ Қирғизистон қонунчилигига кўра, Конституциявий суд аъзоларини ўн беш йилгача ҳатто президент ҳам ишдан бўшата олмайди.

Қирғизистон президенти мамлакатда юзага келган ҳуқуқий бўшлиқ вазиятида Конституциявий судни айблаш адолатдан эмаслигини, бундай вазиятнинг юзага келишида, энг аввало, мухолифат ва ўзи айбдор эканини айтди.

“Биз мураккаб қарорни қабул қилаётганимизда, энг аввало, мамлакат барқарорлигини ўйлаган эдик. Биз деганимизнинг сабаби, бу конституцияни мен имзолаган эдим. Мен ҳам айбимни тан оламан. Ўн минглаб одамлар намойишга чиқиб, конституция қабул қилинишини талаб қилиб турган бир пайтда Асосий қонунни имзолашдан бош тортишлик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди”, - деди Қ.Бақиев.

Унинг сўзларига кўра, конституция сиёсий кураш қурбони бўлди. Конституцияга бошқарувни ва инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини мукаммаллаштириш нуқтаи назаридан эмас, сиёсий кучларнинг ҳокимият учун кураши нуқтаи назаридан туриб муомала қилинди.

Энди Қирғизистонда 21 октябрь куни мамлакат янги конституциясини қабул қилиш борасида умумхалқ референдуми ўтказилади. Қ.Бақиев бу қарор президент, ҳукумат, мухолифат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилгани билдирилди.

Бироқ депутат Умурбек Текебоев референдум ҳам Қирғизистонда бошланаётган ҳуқуқий бўҳронни бартараф эта олмаслигига ишонмоқда.

“Бир ойнинг ичида шошилинч тарзда референдум ўтказилади. Бир ой ичида конституциянинг маъносини оддий халққа тушунтириб бўлмайди. Демак, халқ кўр-кўрона тарзда президент томонидан таклиф қилинган конституция лойиҳасини тасдиқлайди”, - деди Умурбек Текебоев.

Сиёсатчининг билдиришича, бундай ҳолат мухолифат норозилиги учун етарли асос яратиб бера олади.
XS
SM
MD
LG